ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Андижон вилояти ҳокимлиги 2017 йилдаги қабул жараёнидаги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида хабар берди.
- Ҳусниддин Маҳмудович, аввало, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш иштиёқидаги ёшларни қандай янгиликлар кутаётгани тўғрисида гапириб берсангиз.
— Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 5 майдаги "2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорларига асосан, вилоятимиздаги мавжуд 4 та олий ўқув юртларида талабаларнинг қабули бўйича режали тайёргарлик ишлари олиб борил-япти. Жараён "Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом"га мувофиқ амалга оширилади. Энг аввало, Адлия вазирлигидан 2011 йил 8 июлда рўйхатдан ўтказилган ушбу Низомга қандай ўзгартиришлар киритилганини айтиб ўтиш лозим.
Иккинчи янгилик мамлакатимиз Қуролли кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ва олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаликка қабул қилишда имтиёзга эга бўлган абитуриентларга тааллуқли. Барчага маълумки, илгари уларга белгиланган умумий баллнинг 27 фоизи миқдорида, яъни 61 балл қўшимча берилар эди. Бу йилдан бошлаб эса, тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча баллар тақдим этилади. Масалан, ҳарбий қўмондонликнинг имтиёзли тавсияномасига эга абитуриент тест куни 150 балл олса, унга қўшимча 75 балл ёзилади.
Бундан ташқари, имтиёзли тавсияномаси бор абитуриент ҳужжат топшираётган пайтда аризасида таълим йўналишига мос ҳолда иккинчи олий ўқув юртини ҳам танлаш имкониятига эга.
- Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ҳам жорий этилди. Одамлар орасида 68 балл тўплаган абитуриент ҳам ўқишга кираркан, деган гаплар юрибди. Аслида, бу қандай амалга оширилади?
— Президентимизнинг "2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорига кўра, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Лекин бу, тест синовларида 68 балл олган толиби илмнинг ўқишга киради, дегани эмас.
Мазкур жараён абитуриентлар тўплаган балларга қараб, Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган (даражаланган) тартибда аниқланади. Қарорнинг шарҳида бу ҳақда шундай дейилган: "…тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган балига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган тўлов-контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди."
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорларида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар, аввало, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масаласини ўз ичига олади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами кенгайиши ва рўёбга чиқишига пойдевор яратади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.