ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрида 12 июнь куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича кутилаётган натижаларни олдиндан таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни тезкорлик билан бартараф этган ҳолда, барча соҳа ва тармоқларда белгиланган прогноз кўрсаткичлари ва мақсадли параметрларга эришишни таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди.
Йиғилишда Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича белгилаб олинган стратегик вазифаларни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида эришилган ижобий натижалар эътироф этилиб, бугунги ислоҳотлар жараёнидаги камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари тизимида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича кейинги пайтда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада, айниқса, 22 вазирлик, давлат қўмитаси, компания, уюшма ва бошқа тузилмалар янгидан ёки қайта ташкил этилгани, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги ўнлаб идоралар тузилмаси ўзгартирилиб, уларнинг асосий вазифа ва функцияларига аниқликлар киритилгани муҳим амалий қадам сифатида қайд этилди.
Йиғилишда, айниқса, иқтисодиётни бошқариш соҳасида эски қолипдаги, реал ҳаётдан узоқ, юзаки ёндашувларга йўл қўйиб бўлмаслиги, бугунги шиддатли тараққиёт ҳамма соҳаларда вазиятни танқидий баҳолаб, уларни ривожлантиришда янгича усул ва самарали тизимларни, замонавий бошқарув усулларини жорий этишни, юксак масъулият ва ташаббускорликни талаб этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари Ҳукуматнинг шу даврдаги фаолиятини таҳлил қилиб, ҳудудлар билан ишлаш, ҳар бир муаммони жойларга борган ҳолда, чуқур ва пухта ўрганиб, изчил ҳал этиш, самара ва натижадорлик Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолашда муҳим мезон бўлишини таъкидлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, жойларга бориб, ҳар бир вилоятнинг ўзида қўшимча резерв ва имкониятлар излаб топиш, шу асосда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш амалиёти ижобий натижа бермоқда. Бугунги кунгача умумий қиймати 23 триллион сўмдан ортиқ 1260 лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича янги имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга, ҳудудларни ривожлантириш, ички бозорни маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кўпайтиришга, энг муҳими, одамларни иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган ушбу муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ҳам, афсуски, оқсоқлик ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Президент ҳудудларни ривожлантириш борасида давлат органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида сўз юритар экан, ўтган ҳафтада Самарқанд вилоятига ташрифи давомида айрим раҳбарларнинг бефарқлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида бу ҳудудда жуда кўплаб жиддий муаммолар тўпланиб қолгани маълум бўлганини қаттиқ танқид қилди. Айниқса, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоят идоралари раҳбарлари ўртасида амалий ва соғлом муносабатга путур етгани Самарқанднинг бугунги тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур ҳудудда барпо этилаётган объектларни қуриш, инвестиция маблағларини ўзлаштириш ишлари оқсамоқда, экспортга чиқариладиган маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш таъминланмаяпти. Шаҳар ва туманларда ободончилик, одамлар учун қулай, тоза-озода муҳит яратиш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Вилоят молия ва солиқ идоралари солиқ базасини кенгайтириш имкониятларини излаш ва уларни тўлиқ ишга солиш ишлари билан етарли даражада шуғулланмаяпти. Ана шу муаммоларни ҳал этиш, бу йўлда бутун Самарқанд аҳлини бирлаштириш ва ўз ортидан эргаштириш учун вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевда билим ва салоҳият, раҳбарлик тажрибаси етишмади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иш фаолиятида йўл қўйган ана шундай жиддий камчилик ва нуқсонлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
— Бу бизнинг доимий, қатъий сиёсатимиз ва уни албатта охирига етказамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботлари атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.