ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Шавкат Мирзиёев "Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизимини жорий этилиши хабар қилинган.
"Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – прогноз кўрсаткичлари) бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади;
Лавозим маошларидан жарималар ундириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Комиссиянинг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида; шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига – иқтисодий комплекснинг республика органлари раҳбарлари қарорлари асосида амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда прогноз кўрсаткичлари бажарилмаганлиги тақдирда уларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилиши ва эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.