ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида биринчи ярим йил якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларини бажармаган туманлар ҳокимлари лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилдилар.
Йиғилишда қайд этилишича, "Ўзагротехмаш", "Ўзқурилишматериаллари" АЖ, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзфармсаноат" ДАК корхоналари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги ҳудудий корхоналар томонидан прогноз кўрсаткичларни бажаришда оқсоқликка йўл қўйилган.
Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Олтинкўл, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Бухоро, Вобкент, Бахмал, Сариосиё, Сирдарё ва Қува туманларида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш прогнозлари бажарилмаган.
Экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлашда йўл қўйган камчиликлари учун "Ўзагротехсаноатхолдинг", "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзқурилишматериаллари" АЖ, "Ўзфармсаноат" ДАК раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари фаолияти танқид қилинди.
2017 йилнинг биринчи чорагида мева-сабзавот маҳсулотларини белгиланган ҳажмда экспортга етказиб беришни таъминламаган туманлар ҳокимлари биринчи ярим йил якунлари бўйича прогноз кўрсаткичларини бажармаган тақдирда уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши ёки қолмаслиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.