ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Халқ депутатлари Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан шу йилнинг 1-9 апрель кунлари мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганишлар якуни туманда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талайлигини кўрсатиб берди. Жумладан, туманда 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 857 та бўлиб, шундан 97 таси турли сабабларга кўра ишламаяпти. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда туманда атиги 6 нафар оилавий тадбиркор ва 36 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда, холос.
Туман ҳудудидаги 4 та деҳқон бозори, 1 та универсал бозор ва деҳқон бозори таркибида 2 та деҳқон бозори ва 2 та ҳайвон бозорлари фаолияти бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Автотураргоҳлар мавжуд эмас. Пул тушумлари мехназмлари тўлиқ йўлга қўйилмаган, бозор ташқариси ва ичида савдогарлар мустақил тарзда расталар ўрнатиб, йўлларга чиқиб кетган.
Туманда фуқароларни ишга жойлаштириш борасида ҳам жиддий муаммолар кўзга ташланган. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишчи комиссияси фаолияти талаб даражасида эмас. Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимларининг ишсизликни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрмаганлиги оқибатида бандлик дастури ижроси тўлақонли бажарилмаган.
Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман олганда, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 134 врач-мутахассис, шу жумладан 50 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд.
Шунингдек, таҳлил давомида мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд ҳолат, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш даражасига оид оғриқли ҳолатлар, дорихоналардаги нарх-наво, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш бўйича ҳақли эътирозлар, автомобиль йўлларининг сифати, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг аянчли даражаси сингари муаммолар ошкора ўртага ташланди.
Сессияда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқиб, тумандаги барча даражадаги мутасаддилар ва депутатларнинг масъулиятини ошириш, халқнинг тинчлиги ҳамда саломатлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиш, таълим, айниқса мактабгача таълим муассасаларига бўлган эътиборни кучайтириш, ҳарбий хизматдан қайтган ёшларни ишга жойлаштириш, аҳоли мурожаатлари ва улар томонидан кўтарилаётган ҳар қандай масалага асло бепарво бўлмаслик лозимлигини таъкидлаган.