ТОШКЕНТ, 8 май-Sputnik. 2017 йил 20 апрел куни Ўзбекистон президенти "2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Кейинги ўн йилликларда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал суръатда ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида сув захиралари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилишига, сувни назоратсиз олиш оқибатида эса айрим манбаларда сув захираларининг кескин камайиши ва тугашига олиб келди.
Айрим ҳудудларда ер юзасидаги сувларни чиқариб ташлаш ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали тарзда гидрогеологик мониторинг олиб борилмагани оқибатида айрим шаҳарлар ва аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг ер юзасига яқинлашиши кузатилмоқда.
Ер ости сувлари мониторингининг амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва баъзи аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келувчи салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти.
Ичимлик суви тақчил бўлган айрим ҳудудларда сувни чучуклаштириш бўйича замонавий қурилмалар етарли даражада жорий этилмаганини, сувни чучуклаштириш учун керак бўладиган ускуна ва қурилмаларни ишлаб чиқариш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини ҳам таъкидлашга тўғри келади.
Муаммоларни зудлик билан ҳал этиш заруратидан келиб чиққан ҳолда президент қарори қабул қилинди.
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:
— белгиланган тартибда рухсат олинмасдан, бироқ техник талабларга риоя этилган ҳолда қазилган қудуқлардан фойдаланиш тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан келгусида белгиланган тартибда фойдаланиш учун расмийлаштирилиши лозим;
— юридик ва жисмоний шахсларга сув олиш учун қудуқ қазишга белгиланган тартибда гидрогеологик хулоса бериш фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади;
— сув олиш учун қудуқ қазишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик экспертизаси хулосаси мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.
2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.
Дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан 396 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.
Қарор муаллифлари фикрига кўра, ер ости сувларидан фойдаланишни назорат қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича самарали механизмини жорий этади. Ер ости чучук сувлари захираларини кўпайтириш бўйича гидрогеологик ишлар самарадорлиги оширилади.
Қўшимча равишда 7 та шаҳар, 21 та посёлка ва 426 та қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти кафолатланади. Ер ости сувларини кузатиш тармоғини яна 1155 та қудуққа кўпайтириш ва уларда 500 та замонавий автоматлаштирилган тизимлар ўрнатиш ҳисобига ер ости сувларининг ҳолати устидан самарали мониторинг олиб борилади.
Шунингдек, дренаж қудуқлар сонини 715 тага, кузатиш дренаж қудуқлари сонини 1369 тага, коллекторлар узунлигини 280 километрга кўпайтириш ҳисобига 132 та шаҳарлар ва туманлар марказларида ер ости сувлари сатҳи кўтарилишининг олдини олиш ҳисобига кўплаб шаҳар ва қишлоқларида аҳоли яшаш шароитларини сифат жиҳатдан яхшилаш имконини беради.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.