ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, сув тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 18 декабрдаги қарорига мувофиқ, ОПEК ҳамда Саудия Арабистони тараққиёт жамғармалари томонидан Ўзбекистон иштирокида 2016-2018-йилларда Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 36,4 миллион долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа амалга оширилгач, 77 қишлоқ фуқаролар йиғинида 49 сув олиш иншооти қурилади, 6 таси реконструкция қилинади. 408,1 километр магистрал сув қувурлари ва тармоқлари барпо этилади.
Бундан ташқари, лойиҳага 110 сув олиш қудуғини бурғулаш ва реконструкция қилиш, 16,1 километр узунликдаги сув иншоотларини ҳимоя деворлари билан ўраш, 164 қудуқ насосини ўрнатиш, 14 автоматлаштирилган насос станциясини қуриш, 55 трансформатор, 3 қуёш генератори ҳамда 52 дизел генератори ўрнатиш, 24,5 километр узунликдаги ташқи электр таъминоти тизими билан таъминлаш киритилган.
Келгуси уч йилда вилоятда 55 насос станциясини тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Натижада 60 минг 619 гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади, йилига 29,9 миллион кВт соат электр энергияси ҳамда 720 миллион сўм эксплуатация харажатлари иқтисод қилиниб, 6,4 миллиард сўм маблағ тежалади.