ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Телевидениядан кетар эканман, бесабабдан бесабаб ишдан олинганим ҳам, юз хотир қилишмагани ҳам, бирор важ карсон кўрсатишмагани ҳам, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ кўчага улоқтирилганим ҳам алам қилмасди, алам қилгани телевидениядаги орттирган дўстларим, ижод соҳасида маслакдошга айланган тенгқурларим, ардоқли устозларим-у, тетапоя қилиб келаётган иқтидорли шогирдларимдан, ҳурмат қозонган касбдошларимдан айрилиш ҳисси эди.
Кунимнинг ярмидан кўпроғи, ўн икки, ўн тўрт соати шу ерда ўтарди. Ижодий муҳит қайнарди. Ҳамма бирор янгилик яратишга интилар, кўрсатуви қизиқарлироқ, мазмунлироқ, жозибадорроқ бўлишини истарди.
Ҳамма бир бирига фикр берар, бир бирига ўргатар, бир бирини қўллаб қувватлар, бир бирига меҳрибон, ғамхўр, аҳил ва иноқ эди. Иш вақти тугаб, қоронғу тушганини ҳам ҳеч ким пайқамасди. Ана шундай телевиденияга ўз ҳаётини, қалбини, истеъдодини, кўнгил ришталарини чамбарчас боғлаган фидоийларнинг энг фидоий маликаси Насиба Мақсудова эди.
Насиба Мақсудова ҳаётининг роппа роса эллик йили телевиденияда ўтди. Насиба опа телевиденияда кўринган заҳоти ҳар бир телетомашабиннинг юзида табассум, кўнглида хушвақтлик, кўзида нур пайдо бўлар эди. Насиба опа одамларга завқ-шавқ улашар, хонадонларга шодлик ва қувонч олиб кирар, ҳамиша яхшиликлардан, яхши ниятлардан, яхши сўзлардан сўзлар, ҳеч кимни ҳеч қачон хафа кўришни истамас, яхшилик оламида яшарди. Унинг юзи ҳам, кўзи ҳам, кулиб туришлари ҳам гўё эзгулик тимсоли эди. Юрагидаги ҳамма эзгу хислатлар, хулқу-одобидаги ҳамма фазилатлар, ўй-ю хаёлидаги некбин ниятлар ҳаммаси юзига балқиб чиққандай эди. Барчаси юзида, кўзида, табассумида акс этар, Насиба опа телевизор экранида кўринган заҳоти ҳаммани оҳанграбодек ўзига қаратиб оларди.
Насиба опа ишчан, ҳаракатчан, тиниб тинчимас, бировни ёмонлигини тезда унутиб юборадиган, ишнинг бўладиган томонига қараб иш тутиб кетаверадиган беғубор ижодкор эди. Тезда хусусий телеканалларда "Дийдор ширин" кўрсатувини ташкил қилдилар ва яна минглаб телетомашабинларнинг диққат марказида бўлдилар. Насиба опа бу телекўрсатувни ташкил этиб бирорта ўзбек журналисти, на телевидения, на радио, на газета ходими журъат этаолмаган ишга қўл урди. Давлат телевидения ва радиоларида бесабабдан бесабаб урилиб, қора рўйхатга тушган санъаткор-у, шоир-у, маданият ходимининг ҳаммаси шу "Дийдор ширин" кўрсатувидан паноҳ топди ва ўзларининг борликларини намоён этиб турди.
Олмахон Хайитова, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Фарруҳ Зокиров, Хайрулла Лутфуллаев, Хожиакбар Ҳамидов, Теша Мўминов ва яна ўнлаб эл севган, эл ардоқлаган санъаткорлар мана шу кўрсатув орқали эл билан юзма-юз кўришиб турди. Ҳолбуки давлат телеканаллари ўн йиллардан ортиқ вақт мобайнида уларни экранларга яқинлаштирмади. Улар Насиба Мақсудованинг жасорати, шиддати, эзгулик йўлида толмас курашчи бўлгани туфайли телеэкранларга бот-бот чиқиб туришди.
Насиба Мақсудовани одамлар беҳад қаттиқ севар эди. 2010 йилда Олим Хўжаев номли Гулистон Давлат театрида Зулайҳо хожи онамнинг 85 йиллик табаррук ёшини нишонлаш тантаналарида Тошкентдан бир гуруҳ шоир-у ёзувчилар, атоқли санъаткорлар иштирок этишди. Улар орасида Насиба Мақсудова ҳам бор эди.
Сўз навбати Насиба Мақсудовага берилганида улкан зал гулдурос қарсаклардан бир муддат ларзага келиб турди. Сирдарёликлар севимли телебошловчисини тинмай олқишлар эди. Албатта бундай бахт камдан кам одамларгагина насиб этади. Насиба опа залнинг ўртасида тинмай таъзим қилар, астойдил ташаккур билдирарди.
Сўнгра Насиба опа Зулайҳо хожи онамга бағишланган шеърни ўқиб бердилар:
Оллоҳим чеки йўқ саховатингни,
Онамдан аяма саодатингни.
Умрини узоқ қил, этгин саломат
Кучини кўрайин шарофатингни.
Ёруғ кунлар ёздинг пешонасига,
Тиллою зар сочдинг остонасига.
Яна умр бергин этгин шафоат,
Онамни тўйдирма паймонасига.
Не қилсанг қилурсан қўлингда, сенинг!
Бахт топган қанча ўнг, сўлингда, сенинг!
Онамга умр бер, этгин саҳоват
Ҳар кун бош урурман йўлингда, сенинг!
Давлатинг камайиб қолмайди асло.
Бойликдан сенда йўқ асло муаммо.
Онамга умр бер, ҳаёт бер, ҳаёт
Сен ҳаёт бергувчи зотдирсан танҳо!
Ҳаммани ҳар қачон сийлагансан сен,
Ҳеч кимнинг ризқини қиймагансан сен.
Илтижоларим эт, ўзинг ижобат
Мустажоб этмасдан қўймагансан сен.
Онамга умр бер қодир Худойим!
Мўъжизангни этгин содир Худойим!
Ўнглаб юборасан умрин эртага,
Унга соғлиқ бергин ҳозир Худойим!
Насиба Мақсудова шеър ўқишни жуда яхши кўрар, овоз тембрлари шеърдаги ҳар бир ҳарфни аниқ ва равон, ширали ва ёқимли тарзда ифода этарди. Насиба Мақсудова шеър ўқишнинг энг катта ва энг моҳир усталаридан бири эди. Одамлар худди севимли санъаткорнинг севимли қўшиғини эшитгандек, шеърни мароқ ва завқ билан тинглади ва опани яна қарсакларга буркади. Мен ўша куни Насиба опанинг онамнинг шаънига айтган мақтов сўзларини ҳаётимнинг сўнгги дақиқасигача ҳеч қачон унутмайман ва ҳамиша Насиба опанинг олдида таъзимдаман.
Насиба Мақсудовадай инсонлар яшагани учун ҳаёт гўзал ва зийнатли. Бундай инсонлар ҳаётга кўрк беради, яшашга ундайди, дунёда бахт, саодат, омад деган нарсалар борлигига кишини ишонтиради. Қачонлардир шундай инсонлар билан суҳбатдош бўлганингдан ғурурланасан, кўнглинг фахру-ифтихорга тўлади. Аммо улар бугун бу дунёни тарк этиб кетишди…
Эргаш Каримов, Баҳодир Аҳмедов, Раҳматилла Мирзаев, Абдумўмин Ўтбосаров, Тўлан Қўзибоев, Ҳошимжон Мирзааҳмедов, Насиба Мақсудова… телевидениямизнинг ҳақиқий жонкуярлари, фидоийлари, дарғалари эдилар.
Илоҳо барчаларининг жойлари жаннатдан бўлсин, Оллоҳ таоло барчаларига беҳишт боғчаларидан энг кўркам масканларни ато этсин!
МУҲАММАД ИСМОИЛ.