ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Таниқли шоир Муҳаммад Исмоил Насиба Мақсудова ҳақида гапирар экан, бу аёлга ўзбек телевидениеси афсонаси дея таъриф бердилар.
"Бу йил элимизнинг севимли, ардоқли аёллари бизни бирин кетин тарк этишмоқда. Сал илгарироқ Турсуной опамдан (Турсуной Содиқова демоқчи, муаллиф) айрилиб қолган эдик. Мана энди Насиба опам…", — деди суҳбат давомида шоир.
Насиба опага эҳтиромим баланд — жуда меҳридарё инсон эдилар. Фақат яхшилик кўрганман, бирорта одамга қаттиқ гапириш нари турсин, ҳаттоки, ёмон гапирганларини эшитмаганман. Насиба Мақсудованинг вафоти — ўзбек телевидениеси учун жуда катта, кутилмаган йўқотиш бўлди", — деб ўз хотиралари билан бўлишди Муҳаммад Исмоил.
14 ёшидан телевидение соҳасига кириб келган Насиба Мақсудова бутун ҳаётини ўз касбига бахшида этган, телевидение учун ёниб яшаган инсон эди. Қарийб 50 йил давомида сухандонлик қилган Насиба Мақсудова республиканинг чекка-чекка қишлоқларида ўз мухлисларига эга эди…
Спутник Ўзбекистон таҳририяти номидан марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб қоламиз.