Одатий баҳорги фаоллик
Мутахассиснинг айтишича, Марказий Осиё сейсмик фаол ҳудудлардан бўлиб, бу ҳудудда ҳар доим зилзилалар бўлиб келган.
"3 май куни бўлган зилзила бизнинг ҳудудда нисбатан тез-тез учраб турадиган одатий зилзилалар қаторига киради. Зилзила маркази эса Марказий Осиёдаги энг фаол сейсмик жой бўлиб, энг кучли зилзила содир бўлиши мумкин бўлган ҳудуд ҳисобланади. Айнан мана шу ҳудудда 1949 йилда, 1954 йилда кучли зилзилалар бўлган. Ҳозирги зилзила улардан анча кучсиз", дейди Улфат Нурматов.
Сейсмик ҳудудларда зилзила содир бўладиган маълум бир фаол даврлар бўлади. 11 йиллик, 22 йиллик, 44 йиллик даврлар дейилади. Бундан ташқари, баҳор даврида сейсмик фаоллик кузатилади. Баҳорда ер шарида фаоллик даври бошланади. Табиий ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатади. Олдин юз берган зилзилалар ҳам асосан баҳорда юз берган.
Аслида Марказий Осиё ҳудудида ҳар ҳафта 5тадн 15тагача паст магнитудали зилзилалар юз беради. Биз буларни сезмаганимиз учун анчадан бери зилзила бўлмаётганди, бирдан бошланиб кетди деб ўйлаймиз.
Бу оддий навбатдаги сейсмик фаоллик натижаси. Ер силкинишининг кетма-кет содир бўлиши сабаби эса, афтершок деб аталувчи жараён оқибати. Кучли зилзиладан кейин унинг "думи" бўлади, бир неча ой-йилгача унинг кучи силкиниб-силкиниб пасайиб боради, кейин сўниб кетади.
Бомбалар ихтиро қилинишидан олдин ҳам ер қимирлаган
Апрель ойи ўрталарида АҚШ томонидан Афғонистонга ташланган бомбанинг ҳозирги зилзилаларга қанчалик алоқаси борлиги ҳақида эса мутахассис қуйидагича фикр билдирди.
Бир пайтлар олимлар ядро портлашларининг таъсирини ўрганишган, Марказий Осиёда зилзилаларга ядро синовлари сабаб бўлади деган фикрлар ҳам бўлган.
Лекин энг қизиғи, бомбалар ихтиро қилинмасдан туриб, бир неча асрлар илгари ҳам ҳудудимизда зилзилалар содир бўлиб келган. Шундай экан, бундай фикр нотўғри. Афғонистонга ташланган бомбанинг ер силкинишига таъсири бор дейиш учун асос йўқ.
Мазкур ҳудуд Помир тоғ тизими ва Тянь-Шань тоғ тизими тўқнашган жой. Ҳиндистон плитаси билан Евроосиё плитаси бир-бири билан тўқнашиб зилзила келтириб чиқаради. Қадим ўтмишда ҳам бу ерда зилзилалар бўлиб турган.
Ваҳимага ҳожат йўқ
Тез-тез юз бераётган зилзилалар Ўзбекистон учун қай даражада таъсирли? Бу саволга мутахассис шундай жавоб берди:
Ўзбекистоннинг сейсмик салоҳияти зилзила эпимарказига нисбатан анча паст. Ўзбекистонда бўлиши мумкин максимал зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 6,5дан ошмайди.
Ўзбекистонда бинолар қурилишида ҳар бир жойнинг сейсмик ҳолати ўрганилиб, қандай ер силкиниш қандай таъсир кўрсатиши ҳисобга олиниб хариталар тузиб берилади. Ана шу хариталар асосида лойиҳалар тайёрланади.
Ҳозирги вақтда иншотларимиз жуда мустаҳкам қилиб қурилмоқда. Техник лойиҳага риоя қилинган ҳолда қурилган биноларимиз 9 баллдан ортиқ зилзилага бардош бера олади.
Шундай экан, ваҳимага ҳожат йўқ.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.