ТОШКЕНТ, 26 апр – Sputnik. Кеча Тошкентда бўлиб ўтган Usenet 2017 анжуманида Ўзбекистон ва Россия компанияларининг етакчи маркетинг мутахассислари интернетда самарали маркетинг сирлари билан бўлишишди.
Usenet 2017 – маркетинг, реклама ва IT соҳаси мутахассислари биргаликда иштирок этган анжуман бўлиб, у Ledokol Group медиа агентлиги томонидан ташкил қилинган. Анжуманда нафақат ўзбекистонлик мутахассислар, балки Россиянинг Яндекс, Mail.ru Group, Green PR, UsabilityLab, Odnoklassniki Group каби етакчи интернет компаниялари вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз тажрибалари билан баҳам кўришди.
Қуйида ушбу анжуманнинг энг қизиқ маърузаларидан лавҳалар келтирамиз.
Анжуман бошида Ledokol Group раҳбари Дилшод Музаффаров ўзбекистонлик юзер интернетда маълумот қидирганда 70% Googleдан ва 30% Яндексдан фойдаланишини таъкидлади. Ушбу бўлишув аҳолининг аксарияти интернетдан фойдаланиш учун Android операцион тизими ўрнатилган мобил ускуналардан фойдаланаётгани сабабли экан.
Юзерлар телевизор томоша қилмайди
Аҳоли энг кўп фойдаланадиган медиа манбаларига келсак, иқтисодий фаол юзерларнинг 50 %и умуман телевизор кўрмас ёки жуда кам кўрар экан. Ўзбекистон ҳақида яна бир қизиқарли факт: телевизор томоша қилаётганда юзерларнинг 82% иккинчи экрандан (смартфон ёки компьютер) фойдаланиб янгиликларни ўзи истаган сайтлардан томоша қилар экан. Сабаб — телевидение кўрсатувлари аҳоли эҳтиёжини қонлирмаслиги, дейилмоқда.
Нархлар сўмда бўлади – ура!
Бу йил илк бор анжуманда Ўзбекистон Ахборот технологиялари вазири в.б. Шерзод Шерматов иштирок этди. Шерматов давлат бошқарув органлари нархи “шартли бирлик”да белгиланган уяли алоқа ва интернет хизматлари қиймати тинимсиз ўсиб бораётгани ҳақида, "портал"га кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани ҳақида гапирди. Вазир в.б. йил охирига қадар ушбу хизматлар нархини миллий валютада белгилаш чоралари ишлаб чиқарилишини тасдиқлади.
Юзерни бахтли қил
Яндекс вакили Екатерина Богатырёванинг нутқи энг қизиқарлилардан бири бўлди. Хусусан, Екатерина юзерларни қандай бахтли қилиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди. Мутахассис айтишига қараганда, мижозни бахтли қилиш учун авваломбор уни реклама баннерлари билан кўмиб ташламаслик кераклигини таъкидлади. Баннерлар жуда кўп ва ноўрин кўрсатилган ҳолларда юзер сизнинг сайтингизга умуман қайтиб келмаслиги ёки унда “баннер пайқамаслик” (баннерная слепота) хусусияти пайдо бўлиши мумкин экан.
Бундай бўлмаслиги учун, ҳар қадамда юзер ҳақидаги маълумотларни диққат билан жамлаб бориш ва ундан тўғри фойдаланишни билиш керак экан. Баннерлар муайян фойдаланувчига, айнан керакли жойда ва керакли вақтда кўрсатилиши керак. Бу борада Яндекс.директдан кўп нарса ўрганишингиз мумкин, деди Екатерина.
Руҳшунос маслаҳати
Кейинги нотиқ ҳақиқий рухшунос бўлиб чиқди. Россиянинг UsabilityLab компанияси вакили Дмитрий Сатин сўзларига кўра, Миллениаллар, яъни 1981 йилдан кейин туғилган ва 21 асрни рақамли технологиялар билан чамбарчас боғланган ҳолда кутиб олган ёшлар авлоди, “бозор кўникмаларини” йўқотиб бормоқда ва кўп ҳолларда, улар сотувчи билан мулоқот қилишни истамайди. Яъни савдо қилишни истамайди….
Шундай экан уларга сотувчи билан мулоқот қилмаган ҳолда сотиб олишга имкон беринг! Бунинг учун турли, жуда қулай дастурлар яратилган.
(Таҳр.: Наҳот Ўзбекистонда ҳам, магазиндаги нарсани айтилган нархда олиб кетаверадиган, савдо қилишни истамайдиганлар юзерлар бор?)
Ижтимоий тармоқми ёки мессенжер?
Охирги вақтларда кўплаб юзерлар ижтимоий тармоқ ўрнига мессенжерлардан фойдаланишни хуш кўрмоқда, чунки мессенжерда маълумот муайян фойдаланувчига мувофиқлаштирилган. Мессенжерда қандай мавзулардаги янгилик унга кераклигини ижтимоий тармоқ роботи эмас, юзернинг ўзи танлаб олади ва керак бўлганда уни ўзгартириши ҳам мумкин, дейди россиянинг Green PR компанияси вакили Дамир Халилов.
Мессенжерлар шахс брендини тарғиб қилиш учун ҳам энг яхши восита бўлиб қолмоқда. Бунга Telegramда мисоллар жуда кўп.
Ҳамма Одноклассникида “ўтиради”
Ҳар ой Ўзбекистондан 2 163 437 та юзер ушбу ижтимоий тармоқдан фойдаланади. Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг 72%и ўғил болалар бўлиб, уларнинг 38%и 18-25 ёш орасида. Умумий фойдаланувчиларнинг 82%и ижтимоий тармоққа телефон орқали уланади. OK энг оммавий бўлган мамлакатлар орасида Ўзбекистон Украина, Қозоғистон ва Белоруссиядан кейин тўртинчи ўринда, деб маълумот берди Odnoklassniki вакили Алексей Кашеваров.
Usenet.uz ва Futura.uz саҳифалари маълумотларига асосан.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.