ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. 6-7 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш қатнашчиларини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов қарши олди.
Йиғилишга Россия томони раислик қилди. Россия томонидан мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди.
Унда шунингдек, Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов қатнашди.
Молдова томонидан мамлакат ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбайжондан ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистондан ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджийев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этишди.
Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалалардаги унинг роли ва ўрнини кўтаришни муҳокама қилдилар.
Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Кун тартибига кўра МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15 та ҳужжат кўриб чиқилди. Улардан 9 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида бўлиб ўтадиган Ҳукумат раҳбарлари кенгашига муҳокама учун киритилади.
Ҳужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади.
Иштирокчилар христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисида Баёнотни қабул қилдилар. Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган.
Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур йўналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдиришди.
ТИВ раҳбарлари квоталар тақсимоти, Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиб ўринбосарларини ва МДҲ бош қароргоҳидаги бошқа мансабдор шахсларни квота асосидаги амалларга тайинлаш ва алмаштириш тўғрисидаги МДҲ Ижроия қўмитасининг ахборотини тингладилар.
Давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун киритиладиган МДҲ иштирокчи давлатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда жиноий ишларнинг моддий далиллари бўлган наркотик ва психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини, ўқотар қуроллар, уларнинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни топшириш тартиби тўғрисидаги Баённома лойиҳалари маъқулланди.
2018 йилда "Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти" Давлатлараро дастурини амалга ошириш, МДҲ мамлакатларининг қуролли кучлари метролог мутахассисларини ҳамда молиявий тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича айрим таълим ва академик муассаларига асосий ташкилот мақомини бериш масалалари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ТИВК йиғилишининг юқори даражада ташкил этганлиги ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбир давомидаги анъанавий илиқ меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдиришди. ТИВК йиғилиши доирасида иштирокчи давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари ўтказилди.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2017 йилнинг 10 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.