ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрида Давлат солиқ қўмитаси томонидан "Жисмоний шахсларнинг даромадларини декларациялашнинг ҳуқуқий асослари" мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.
Давлат солиқ қўмитаси ходимларининг қайд этишича, фуқаролар уй-жой, нотураржой ва автотранспорт воситаси каби мол-мулкини ижарага беришдан олган даромадлари бўйича ҳам дастлабки декларацияларни тақдим этишлари лозим. Бу йўсинда топилган даромадларга солиқ солиш ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ ушбу мол-мулкларни ижарага топширувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкаларига асосан ҳисобланган миқдорлардан кам бўлмаган ҳажмда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим. Мабодо тўлов муддати ўтказиб юборилса, ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланиб, солиқ қарзлари давлат солиқ хизмати органларининг даъво аризалари асосида суд тартибида мажбурий ундирилади.
Айтиш жоизки, солиқ тўловчи даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса ёхуд нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи даромад солиғи суммасини мавжуд ахборот асосида энг юқори ставка бўйича ҳисоблаб, тўлов хабарномасини ўн кунлик муддат ичида топширишга ҳақли.
Декларацияни тақдим этмаган ёки атайин нотўғри маълумотларни кўрсатган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси учинчи қисмида энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Анжуман иштирокчиларига мол-мулк, хусусан, кўчмас мулкларни ижарага топшириш тартиб-таомиллари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилган. Яъни жисмоний шахслар уй-жой ва нотураржойни нотариал тасдиқланган шартномалар асосида ижарага беришлари лозим. Йўқса, тегишли ҳужжатларга мувофиқ, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мол-мулк ижарасидан даромад кўрган жисмоний шахслар дастлабки декларацияни Давлат солиқ қўмитасининг расмий www.soliq.uz сайти ҳамда Электрон солиқ хизматлари портали — my.soliq.uz орқали ўзлари учун қулай бўлган жойда, куннинг исталган вақтида электрон шаклда топширишлари мумкин.
Эслатма, солиқ солинадиган даромадга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилари ҳисобланишини эслатиб ўтган. Солиқ тўловчиларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади.
Агар бундай даромад турларидан солиқ, жисмоний шахснинг аризасига биноан, энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди (республика ҳудудидан ташқаридаги ҳамда солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар бундан мустасно).