ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Хусусий тиббиёт муассасаларига тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 1 апрелда қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилди.
Қарор шарҳида келтирилишича, айни пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Мазкур қарорга биноан энди уларга тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди.
Рухсат этилган тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар киритилди.
Мазкур қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.
Бўшаган маблағлар уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бино ва иншоотларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади.
Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан Хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ жойларда ва чекка туманларда тиббиёт соҳасида хусусий секторни жадал ривожлантириш мақсадида қарорда қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилиши кўзда тутилган.
Қарорда 2017 йил 1 майдан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимларининг йиллик ўртача чекланган сонини 25 кишидан 100 кишигача кўпайтириш белгиланган.
Қарорда тиббиётнинг хусусий соҳасига, айниқса, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва хорижий капитал иштирокида қўшма тиббиёт муассасалари ташкил этиш орқали илғор халқаро тажрибани жорий этишни кенгайтиришга доир чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Мазкур қарорда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлашга жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўловлардан озод этилиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, сўнгги 6 йилда Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасалари сони 2 баробар кўпайиб, 3,5 мингтага етди. Уларни юқори технологияли тиббиёт техникаси билан жиҳозлаш даражаси 3 баробар ошди.
Шу билан бирга, мамлакат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларида соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантиришга ҳамон етарлича эътибор қаратилмаётганини таъкидлаганди.