ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. 50та тез тиббий ёрдам автомобили мамлакатнинг эҳтиёжи баланд ҳудудларига берилди, деб хабар қилди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати.
Жорий йилнинг 16 март куни президент Шавкат Мирзиёев "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни имзолаган эди.
Ҳужжатда соҳани ривожлантиришга доир кўплаб вазифалар қаторида кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 2017 йилнинг ўзида 1200 та тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари харид қилиниши ҳам белгиланган эди.
Айни кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган 50 дона "DAMAS" русумидаги тез тиббий ёрдам автомобилари харид қилиниб, эҳтиёж баланд бўлган ҳудудларга берилди.
Эслатиб ўтамиз, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш дастурига кўра, соҳани ривожлантириш мақсадларига 133263,7 млн сўм ва 32621,8 минг доллар йўналтирилиши белгиланган.