Шамани шама қилган "МИЛЛИОН"

Oбуна бўлиш
Ҳатто анчайин шафқатсиз спорт тури - боксдаям маълум тартиб-қоида бор. Вазн тоифаси, белдан пастга зарба бермаслик дегандек... "Миллион" жамоасининг кулгисида умуман тартиб-қоида, мезоннинг ўзи йўқ. "Одамлар кулар экан", деб оғзига келганини айтаверишади

Айтишларича, инсондан ташқари маймунда ҳам кулги туйғуси бўларкан.

"Миллион"нинг навбатдаги концерт дастури ҳақидаги рекламани кўриб, негадир шу ўй хаёлимга келди. Албатта, буни қуйида айтилмоқчи бўлган фикрларга алоқаси йўқ. Лекин гап кулги тўғрисида боради.

"Миллион" жамоаси тўғрисида илгариям кўп айтилган. 2016 йилда берилган концертдан кейин ҳам бир-икки гап-сўзлар, фикрлар билдирилди. Бўлди, шундан кейин булар ўзларига келиб, бунақа одатларини қўйишар, деган фикрга борган ҳам эдик. Адашибмиз, чамаси… Яна концерт, яна реклама.

Ўзбек эстрадасига назар: замонавий қўшиқлар ҳақида луқмалар
Ҳатто анчайин шафқатсиз спорт тури — боксдаям маълум тартиблар бор. Вазн тоифаси, белдан пастга зарба бермасликка ўхшаш тартиб-қоидалари дегандек. "Миллион" жамоасининг кулгисида умуман тартиб-қоида, мезоннинг ўзи йўқ. "Одамлар кулар экан", деб оғзига келганни айтаверишади.

Вазн тоифаси масаласида: томошага ёшу қари, аёлу эркак — кўпчилик йиғилган, одамлар ёшгина болаларини ҳам олиб келишган, "кулиб кетайлик", дейишган-да. Лекин саҳнада айтилаётган гап фақат маълум тоифа — эркаклар, ундаям йигирма ёшдан эллик ёшгача бўлган эркаклар жамоасида айтиладиган ҳазиллар.

Худди шу ўринда бокснинг белдан пастга зарба бермаслик тўғрисидаги қоидаси эсга тушади. Ухлаб ётганда хотинининг қўли тегиб кетиши… "Мерседес"да юрадиган қизлар… "Почка"нинг қаерда жойлашгани… Дорихонадаги савдо… ва шунга ўхшаш бошқа гаплар. Ҳатто, анчайин муқаддас саналган дастурхонгаям бир гап тегиб ўтиш керак, булар.

Беш минг киши йиғиладиган томошагоҳда айтиладиган гапларми шу?

Ўзбеклар андишали халқ. Шу сабаблиям, айрим нозик ибораларни ҳеч қачон тўғридан тўғри айтмайди. Шамалар орқали гапиради. "Миллион" жамоаси эса айнан ўша шамаларни ишлатиб, одамларни кулдириш йўлини ўрганиб олган ва шу қоидага ҳар доим содиқ қолади. Кейинги йилларда берилган танқидлардан хулоса чиқармади булар.

Тушунамиз, энг доно инсонлар сўзларига икки хил маъно бериб гапира олади. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин "Миллион"нинг гаплари доно кишининг сўзларига яқин ҳам йўламайди.

"Одамлар куляпти-ку", деган эътироз ҳам гоҳ-гоҳ бўй кўрсатиб туради. Лекин одамларни балчиққа йиқилиб ҳам кулдириш мумкин. Кулгининг кулгидан фарқи бўлади-да. Мақсад, инсонийликни йўқотмай кулиш ва кулдириш.

Тўғри, ўзбекларнинг аския санъати бор. Ҳозиржавобликка асосланади. "Миллион"чиларникига бироз ўхшаб кетадиган жойи ҳам бор. Ҳатто шундай миллий санъат турининг усталари ҳам катта саройларига чиқишга шошилишмайди, бўлмаса уларнинг "миллион"чиларга кам жойи борми? Фақат улар ўзлигимиздан узоқлашишмаган, билишадики, ҳар гапнинг, ҳар нарсанинг ўз ўрни, ўз жойи бор.

Миллион гуруҳи - Sputnik Ўзбекистон
“Миллион” гуруҳи сентябрда концерт беради
Аслида аския ҳам андишалилигимиз натижасида юзага келган санъат. Қолаверса, аскиянинг мавжудлиги "миллион"чиларни оқламайди. Аския, ҳозиржавоблик санъати, унда ҳеч ким олдиндан тайёрланмайди. Унинг йиллар давомида концертга тайёрланадиган "Миллион"га аҳамияти йўқ.

"Миллион" ўзининг концертидан ўзи хулоса чиқарса бўларди. Меҳмонга таклиф қилинган "Гап йўқ" жамоаси Ҳожибой Тожибоевнинг гапларидан фойдаланиб, кулги яратишади. Шу оддий бир ҳолатдан ҳам хулоса қилишса бўларди — бир инсон, ҳақиқий иқтидор эгаси, ўзи ўтиб кетиб ҳам, овози билан одамларга кулги улашмоқда. "Миллион"нинг ҳазилларини эса уч кундан кейин биров эсламайди — кулгилари шунчалар қадрсиз ва саёз.

Умуман, беш минг киши саройга фақат ҳазиллашиш учун чақирилмайди-ку. Ҳазилда, ҳангомада, кулгида ҳам ҳеч бўлмаса озроққина ҳикмат, мантиқ бўлиши керак эмасми? Беш минг одамни йиғиб, гап айтмоқчи бўлган инсоннинг ўз мақсади, сўзи ва нияти бўлмайдими? Бировларнинг қўшиғи, сўзини солиштириб, чоғиштириб, шунга мослаб ўйнаб бериш, аёлларни ерга уриш, эски латифаларни айтиш ва буларнинг барчасини шумликлар билан боғлаш билан бу ҳали мақсад эмас, санъат ҳам, шунчаки тижорат, холос.

Қувноқлар ва зукколар даражасида, ҳатто улардан-да пастроқ даражага тушиб қолишган булар. Ахир, "почка"нинг жойлашган жойи ҳақидаги латифани кўча-кўйда ўзини ҳурмат қилган латифагўйлар ҳам айтмайди, булар эса катта саҳнага олиб чиқиб ўтирибди.

Дарвоқе, гапниям эплаган гапирсин экан-да. Халқ олдига чиқволиб, "почка-мочка" қилиши нимаси?

Шундан ҳам "миллион"чиларнинг ўз ишларига қанчалар енгилтаклик билан, эътиборсиз муносабатда бўлишларини илғаш мумкин. Майли кулги, майли ҳазил, майли эски латифа — лекин ҳар қандай гапнинг замирида, насиҳат демайлик, ҳеч бўлмаса, оддий асос бўлиши керак эмасми? Буйрак ҳақида ҳазил қилмоқчи бўлган одам, халқ олдига чиқиб, чаласаводлигингни билдирмай, унинг ўзи нималигини, қайда жойлашганлигини ўрганиб олса бўлмайдими?

Русча гапиришга нима бор экан?

"Б.у." ҳақидаги гаплар-чи? "Б" ҳарфи фақат рус тилида ниманидир ифодалайди.

Даврон Кабулов "мен эчки эмасман", дейди. Даврон "эчки" деганда "козёл"ни назарда тутади-да. Русларда шундай — бу жонивор "чақимчи" маъносини беради. Ўзбек тилида эса "эчки" умуман бошқа маънони ифодалайди — уятсизроқ, шаддод қизларни унга қиёслашади. Қолаверса, "козёл"нинг таржимаси "эчки"ям бўлмайди-да. Даврон "мен така эмасман", деганда кулгили чиққан бўларди.

Мана, бир оғиз гапда шунча ноаниқлик!

"Миллион"нинг сўзга, тилга ва у орқали ўзини тинглагани келган халққа муносабатни шундан ҳам илғаса бўлади.

Бу гаплар "миллион"чиларнинг миллий заминдан қанчалар йироқлигини кўрсатади.

Ўзбекча-русча сўзлашгич - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбек тилининг тарихи ёхуд Ходжа, Досмат, Махаматлар қандай пайдо бўлгани ҳақида
Ўзи одамлар онгида "Миллион" деганда шумликдан бошқа ҳеч нима жонланмайдиган бўлиб қолибди. Ҳатто оддий йўл белгисини кўрсатишса ҳам томошабинлар ундан аллақандай шумликларни илғаб, гуррос кулмоқда. Уларнинг чиқишлари беҳаёликни тарғиб этувчи дастурга айланиб қолган.

Шундай томошада иштирок этиш учун Канизанинг розилик бергани ва қўшиқ куйлагани ғалати. Биламиз, бу хонанда янгиликдан, ҳар хил тажрибадан чўчимайди. Тасанно! Лекин "Миллион"нинг концертида иштирок этиш тажриба эмас, инсоннинг ақлий салоҳияти даражасини белгилайдиган бир мезон бўлиб қолди.

Шундай ажойиб хонанданинг ўзини масхара қилиб қўйиши тушунарсиз. Ҳар ҳолда инсон, ҳатто рейтинг ортидан қуваётган хонандалар ҳам ўз қадр-қимматини билиши керак, чамаси.

Албатта, "миллион"чилар "биз тўғри қиляпмиз, билганимиз билган", деган фикрда ва ҳеч қандай танқидни қабул қилмайди (кейинги концертлари буни кўрсатди).

Уларда ўз ишларига танқидий баҳо бера билиш қудрати бўлганда, икки йиллик танаффусда тегишли хулосалар чиқарган бўларди. Йўқ, уларга бу пандият бўлмагани кўриниб турибди. Яна ўша бачканалик, яна ўша сўз қашшоқлиги, яна ўша ўта саёз ҳазиллар.

Кўрамиз, бу йил нима каромат кўрсатишар экан? Фақат бир ўтинчимиз, кулгини маймуннинг даражасига туширишмасалар.

Янгиликлар лентаси
0