ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Ўзбек эстрада юлдузлари ижросидаги "ажабтовур" қўшиқлар матни борасида бунга қадар ҳам тўхталганман. Каминани фақат бир нарса қизиқтиради, "Ўзбекнаво" раҳбарияти "ўқитиш" машғулотларини хонандалардан эмас, балки ўз таркибидан бошлагани маъқулдир…
Нега десангиз, бизга маълумки, бугунги кунда одамнинг гоҳ энсасини қотириб, гоҳ кулгисини қистаётган қўшиқлар Бирлашма бадиий кенгаши тасдиғидан ўтмоқда.
Энди эса, замонавий қўшиқларда тез-тез қулоққа чалинадиган ғалати ибораларга қайтамиз.
Шоҳруҳхон. "Кўзларим сени излаш билан овора". Ўзлари-чи? Ўзлари эса қўшиқ куйлаяпти!
"Шаҳло икки кўзингиз", деб куйланади қўшиқлардан бирида. Тасанно!!! Хонанда мантиқни яхши биларкан, фақат учинчи ва тўртинчи кўзлар ҳақида савол туғилса нима деркин?
"Менинг кўнглим сенда, сеники қай ёнда?» деб куйлайди Шаҳло Аҳророва. Хонанданинг кўнгил ҳақидаги тасаввури ғалати. Бирор четда думалаб ётган моддий нарса, деб ўйлайдими?
Будур эса ҳатто ўзиниям яхши тушунмайди. "Назаримда мен ҳам сени тинч қўймайман!" деб куйлайди у "Гўё" номли қўшиғида.
"Дод дегим келяпти дастингдан", деб куйлайди хонанда Феруза Каримова. Қизларимиз, аёлларимиз санъатга ҳам ўз оилавий машмашаларини олиб кираётгани қизиқ.
Муниса Ризаеванинг Шаҳзод Муродов билан куйлаган "Ўжар" дуэтини кўриб, хонанда анчадан бери тўплаб юрган жаҳлини шу қўшиқ орқали роса тўкиб солибди-да, дедим. Йигитга шунчалар дўқлайдики, қўшиқ эмас, қарғиш айтаётгандек туюлади. Қўшиқчилик санъати жанжаллашадиган жойми?
Фарҳод Саидовнинг "Қизми бу, кийикми бу?" деган иборасини кулги қилмаган қизиқчи қолмади… Гап шундаки, кийик кўпроқ ўзимизнинг хонаки жонивор – эчкига ўхшаб кетади-да. Фарҳод Саидов ижросида-ку, айниқса.
Шу хонанданинг "Мени севсанг" қўшиғи(айтганча, "Мени севсанг кийим ярашган, ярашмаган чоғимда ҳам сев!".. — севги ижтимоий буюртмалар билан тартибга солинмайди ахир!)га суратга олинган клипда АН-2 самолёти (авиациянинг трактори, дейиш мумкин) тўсатдан ҳалокатга учраб, учувчи йигит гадойтоппас ерга қулайди (?!) ё хотирасини йўқотади ёки ўша ердан ўз ватанига қайтолмайди.
30-40 йил нари-берисида юртига қайтиб, қариб кетган севганини учратади. "Кукурузник"да қандай қилиб шунча олисга кетган бўлса? Бу клип дунё миқёсдаги мавзуни маҳаллий даражага кўчириш қанчалар ўхшовсиз ва кулгили чиқишини исботлайди.
Изатилла Шукуровнинг қўшиғидан мисралар:
"То сўнгги нафасим бергунча бу дунё
сен мени кўп этма умидвор".
Хонанда нима демоқчи ўзи? Биринчидан, дунё нафас бермайди. Иккинчидан, гапнинг биринчи бўлаги иккинчи бўлагига умуман мос келмаяпти. Хоҳлаган жойга хоҳлаган сўзни тиқиб, гап ясаб кетавериш мумкин экан-да. Ҳатто шеърда ҳам гапда мазмун бўлиши лозим!
Фарҳод ва Ширин "Омон бўлайлик"ни айтиб, яна бир карра оддий ҳақиқатни исботлади – уларга бировларнинг қўшиғи жуда ярашади.
Яқинда Сардор Раҳимхон ҳам она ҳақида куйлади. Тасанно! Барча хонандалар учун бу мавзуда куйлаш ёзилмаган қоидага айланган. Лекин оталар-чи? Улар ҳақидаги қўшиқлар бармоқ билан санарли. "Канго" сақичига раҳмат! У "Дадангга қани?" шиорини ўртага ташлади. (Дадалар ҳеч бўлмаса сақич чайнаб ўтирсин, демоқчидир-да.)
Жозибали чиққан сўзни такрорлайвериш қўшиқчиликнинг катта муаммоси. Бу шу даражага етяптики, айрим қўшиқлар деярли бир-икки сўздангина иборат бўлиб қолмоқда. "Шаҳзод" гуруҳининг "Йўқ, дема" қўшиғида бир нақоратда "дема" сўзи 40 марта такрорланади. Нақоратнинг ўзи тўрт марта такрорланса, қўшиқда бир сўз 160 марта айтилган бўлиб чиқади.
Манзуранинг "Лазги" қўшиғидаям "лазги" сўзи 100 мартадан ортиқ ишлатилган.
Дилдора Ниёзова ширин хотира ва туйғуларни уйғотадиган оҳангга мослаб, Тошкент ҳақида қўшиқ куйлади:
"Сен нон шаҳри бўлгансан,
Ва ҳозир ҳам шундайсан".
Тўғри, Дилдора хоҳласаям ёмон куйлолмайди, лекин "бўлгансан"ни "шундайсан"га, "тонггача"ни "осмонгача"га қофиялаш, тўғрироғи, шуларни қофия, деб ўйлаш кимнинг хаёлига келган бўлса?
Қўшиқчиликда қофияга умуман эътибор берилмай қўйди. Ашулачиларимиз негадир сўз сўнгидаги қўшимчаларни қофия деб санай бошлади. Фақат Феруза Каримовагина қофияга урғу беради. Лекин у ҳам мазмун ва мантиқнинг ҳисобидан. Хонанданинг қўшиғига қофия сиққан-ку мантиқ ва мазмунга жой қолмаган.
Бугун қўшиқчилик шеъриятни тан олмайди. Хонандаларимиз оддий сўзларни сал чўзиб айтсанг қўшиқ бўлади, қофия эса ортиқча даҳмаза, деб ўйлайди. Албатта, тушови уловига мос, деб адабиёт ўқимайдиган мухлисга шуям бўлаверади, деб ҳисоблашар-да.
Ҳолбуки, яхши қўшиқ фақат ва фақат яхши шеърдан дунёга келади. Ҳар қандай машҳур хонанданинг ортида албатта иқтидорли шоир бўлади.
Шуҳрат Умарнинг "Етолмадим" қўшиғига ишланган клип ғояси, адашмасам бундан бурун ҳам икки марта "ишлатилган" (довдир режиссёр, клип олдирмоқчи бўлган хонанда ва продюсери). Клипда ҳинд саунтрекларини пародия қилмоқчи бўлишган-у (қизиқ, жиддий қўшиқ ва жиддий мавзу фонида), ўзлари пародия бўлиб қолган. Жаҳонгир Позилжоновдан ўрганишса бўларкан. У ҳақиқатан пародия қилиб, ўзи пародияга айланмайди.
Бугун ҳар икки клипдан бирида Муҳаббат Қурбонова, Паризода ва Жумадилла Раметовнинг машинаси суратга тушмоқда.
Муниса Ризаева «Лол қоламан» қўшиғида йигитнинг сабрига лол қолиб, ўзига бўлган оташин ишқини пинҳон тутишидан нолийди. Ғалати, ўзи ҳали айтмаган бўлса, бировнинг кўнглидаги оташин ишқни қандай билди-ю, бундан керилиши нимаси? Балки, у йигит умуман совуққондир, ҳеч кимни умуман севмас. Шунинг учун сизга эътиборсиздир? Ўзи, айримларни тушуниш қийин, севса "севади", деб жар солади, севмаса ҳам "севади", деб жар солади.