Отамуратов: Ҳаёт йўлимни танлашимда Ислом Каримовнинг таъсири кучли бўлган

© Foto : Пресс-служба партии "Миллий тикланиш""Миллий тикланиш" партиясидан Президентликка номзод Сарвар Отамуратов
Миллий тикланиш партиясидан Президентликка номзод Сарвар Отамуратов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Президентлигига энг ёш номзод Sputnik Ўзбекистонга берган интервьюсида сайловолди дастурининг устувор йўналишлари, ЕИИ, замонавий кино ва рус тилига нисбатан муносабатлари ҳақида фикр билдирди

"Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Sputnik Ўзбекистонга берган эксклюзив интервьюсида давлат раҳбари этиб сайланса Россия ва бошқа давлатлар билан муносабатларни қандай ривожлантириши, ёшларни интернетнинг салбий таъсиридан қандай ҳимоя қилиш ҳамда нима эвазига мамлакат иқтисодиёти ва миллий валютасини мустаҳкамлаши ҳақида сўзлаб берди.

– 2015 йилда "Миллий тикланиш" партиясидан Президентликка Акмал Саидов номзоди кўрсатилганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, партия тарафидан Сизнинг номзодингиз кўрсатилиши қанчалик кутилмаган ҳол бўлди?

Сарвар Отамуратов - Sputnik Ўзбекистон
Сарвар Отамуратовнинг сайловолди дастури эълон қилинди

– Таъкидлаш жоизки, 2015 йилги сайловлардан сўнг мамлакатимизда, хусусан партиямиз тизимида ҳам ўзгариш ва янгиланишлар юз берди. Партия сафига замонавий қараш ва ғояларга эга сиёсатчилар, фаолларнинг янги авлоди кириб келди. Ўзбекистон Президентлигига сайлов кампанияси эълон қилингач, партиянинг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларида сайловларда партиянинг иштироки ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи кўриб чиқилди. Жойлардаги раҳбарлар, турли даражадаги депутатлар томонидан бўлажак сайловларда партия раҳбари номзодини кўрсатиш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, партия Марказий Кенгаши Низомга мувофиқ ўз Қурултойида кун тартибига мазкур масалани киритди. 2016 йил 15 октябрда бўлиб ўтган партия Қурултойида менинг номзодим илгари сурилди ва тасдиқланди.

– Сизга қайси ўзбек ёки жаҳон сиёсатчиси катта таъсир кўрсатган?

– Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистонда барча соҳаларда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодиёт ривожланди, диверсификация қилинди, саноат ишлаб чиқаришида мунтазам ўсиш кузатилмоқда, халқ фаровонлиги ошмоқда. Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига ва Марказий Осиё минтақасида обрўга эга етакчи давлатга айланди. Мамлакатимиз буларнинг барчасига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизматлари туфайли эришди. Шу боис айтишим мумкинки, ҳаёт йўлимни танлашимда у кишининг таъсири кучли бўлган.

– Партиянгиз дастурида ёшлар сиёсати ва ёшларнинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Бутунжаҳон интернет тармоғи ва янги технологияларнинг ўзбек ёшларига салбий таъсири ва таҳдиди нималарда деб биласиз?

– Ёшлар ҳамма нарсага қизиқувчан ва янги билим ҳамда маълумотларни эгаллашга интилувчан бўлишади, лекин шу билан бир вақтда улар турли "жозибадор” ғоя ва мафкуралар таъсирига осон берилишади. Бу қатор омиллар, жумладан, тўлиқ шаклланмаган руҳият, дунёқараш, ҳаётий тажрибанинг етарли эмаслиги ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Буни экстремистик, сиёсий-диний оқимларга хизмат қилувчи шахслар яхши билишади ва қулай технологиялар, хусусан, интернет орқали ёшларнинг онгини "заҳарлаш”га ва шу билан уларни турли ташкилотларга жалб қилиб, бузғунчилик фаолиятини амалга оширишга уринадилар. Менимча, биз, дунёвий, ҳуқуқий, демократик давлат тарафдорлари бунга қарши ўз информацион маҳсулотларимизни яратишимиз, ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашимиз лозим. Бунинг асоси эса оиладаги тарбия, таълим, маданий маърифат ва бошқалар ҳисобланади.

– Миллий интернет-маҳсулотлардан бири – Davra.uz ижтимоий тармоғи Россиядаги ва бошқа халқаро тармоқларга муқобил майдонча сифатида мамлакат фуқароларининг ўзаро мулоқот қилишлари учун яратилган. Лойиҳа бир неча ой илгари ишга тушди, бироқ ҳозирча фуқаролар орасида у қадар оммабопликка эриша олмади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада ва аудиторияни бундай сервисларга қандай қилиб жалб этиш мумкин?

Davra.uz ижтимоий тармоғи - Sputnik Ўзбекистон
Бош вазир виртуал қабулхонасига "Davra.uz" ижтимоий тармоғи орқали мурожаат этиш мумкин

– Бугунги кунда Uz доменида 37та ижтимоий тармоқ рўйхатга олинган. Уларнинг аксарияти ўзининг доимий аудиториясига эга. Миллий ижтимоий тармоқларни оммалаштириш – бузғунчи ғоя ва ахборотларга қарши курашишнинг энг самарали йўли. Хориж сайтларидан фарқли ўлароқ, ўзбек интернет-ресурслари қатор аҳамиятли устунликларга эга. Улардан бири – Ўзбекистон ижтимоий тармоқлари хавфсиз: уларда шахсини яшириб рўйхатдан ўтишнинг имкони йўқ. Бу ҳар бир фойдаланувчининг ахборот тарқатишдаги масъулиятини оширади. Масалан, muloqot.uz ижтимоий тармоғи кўриниши ва бажарадиган вазифалари миқёси бўйича ҳеч қайси хориж ресурсидан қолишмайди. Бундан ташқари, бу ерда фойдаланувчилар нафақат мулоқот қилиш ёки ижод билан шуғулланишлари, балки атрофдагиларни ўз фаолияти, тажрибаси, билим ва фикрлари билан таништиришлари мумкин.

"Davra.uz”га келадиган бўлсак, мазкур ижтимоий тармоқ яратилганига нисбатан кўп бўлмади. Ва тан олиш лозимки, у хориж сайтлари каби оммабоп эмас, лекин мазкур ресурс оммалашиши учун вақт ва самарали тарғибот керак бўлади. Унинг техник томондан тараққий этиши, рақобатбардошлик шароитларини яратиш эса бугунги кунда мутахассислар олдида турган муҳим вазифадир.

Бундан ташқари, миллий ижтимоий тармоқларни ривожлантириш учун жаҳон тажрибасидан самарали фойдаланиш, ижодий информацион муҳит яратиш, энг асосийси, ижодий жараёнга ёш йигит-қизларнинг ўзларини жалб этиш даркор. Эътироф этишимиз лозимки, ҳозирда энг асосий ахборот етказувчи манбалардан бири ижтимоий тармоқлардир. Бундан ташқари, интернет-маконда ёлғон маълумотлар жуда кўп. Ўзбилармонлик, маълум бир муаммо ҳақида жим туриш ёки бошқасини кўпиртириш ўқувчини чалғитади. Танганинг яна бир томони эса – ахборотнинг ўта кўплиги ва билимнинг камлигидир. Бу соҳада асосий муаммо тарғиботчилар, кучли ташкилотчи ва маънавиятчиларнинг етишмаслигидир. Информацион ҳамжамият кучларни бирлаштириши ҳамда жамият ва давлат манфаатларига хизмат қилувчи фуқаролик журналистикасини ривожлантириши лозим. Бунда миллий медиатузилмани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, рақобатбардош медиа маҳсулотлари яратишни унутмаслик даркор. Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифамиз айнан мана шундан иборат.

– Сизнингча, Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши қанчалик истиқболли ва аҳамиятли ёки алоҳида давлатлар билан икки томонлама муносабатлар ўрнатилгани самаралироқми?

– Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг аъзоси, уларнинг фаолиятида биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини олға сурган ҳолда фаол иштирок этади. Булар қаторида иқтисодий масалалар муҳим ўрин тутади. Тажриба савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг энг самарали йўли бу икки томонлама алоқалар эканлигини кўрсатди. Ўзбекистон ЕИИга аъзо барча давлатлар билан яхши ва мустаҳкам муносабатлар ўрнатган. Россия Федерацияси стратегик ҳамкор ва дўст мамлакат сифатида Ўзбекистоннинг энг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдоримиз.

– Миллий валюта курси масаласи бугунги кунда нафақат ўзбекистонликларни, балки Республиканинг ташқи савдодаги ҳамкорларини ҳам ўйлантирмоқда. Сиз "қора бозор”га қарши қандай курашмоқчисиз ва ўзбек сўмининг жаҳон валюталарига нисбатан курсини мустаҳкамлаш учун нима қилиш зарур?

Ўзбекистонда долларнинг "бозор курси" кескин ошди

– Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан сўнг валюта бозорини тараққий эттириш бўйича турли фикр ва нуқтаи назарлар билдирилганди. Таъкидлаш жоизки, республика иқтисодиёти бир томонлама, ривожланмаган ва маҳсулот бозоридаги нархлар ўзгаришига боғлиқ эди. Табиийки, бундай шароитда эркин курснинг жорий этилиши миллий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг, ички бозорнинг ривожланишига имкон бермас, Ўзбекистонни тўлалигича ташқи омилларга тобе қилиб қўйиши мумкин эди. Иқтисодий тараққиётнинг беш тамойилидан бири ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилишидир. Шу сабабли валюта бошқарувини мунтазам енгиллаштириб бориш бўйича чоралар қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат иқтисодиётнинг бош ислоҳотчиси сифатида инвестиция оқимини, жумладан иқтисодиётнинг устувор соҳаларига хорижий инвестиция кириб келишини тартибга солди. Бу эса Ўзбекистоннинг бир пайтлардаги аграр республикадан саноат мамлакатига айланишига, саноатнинг ЯИМдаги улушини 24,5%гача етказишига имкон берди. Ишлаб чиқариш маҳсулотларининг кўпайиши ҳисобига қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши 17%гача қисқарди, бугунги кунда ЯИМнинг тенг ярмидан ортиқ (54%) улушини хизматлар ташкил этади, тайёр товар ва хизматларни экспорт қилиш ҳажми бир неча бараварга ошди. Иқтисодиёт диверсификациялаштирилди ҳамда ташқи омил ва рақобат таъсирига камроқ тушади.

Бугунги кунда Ўзбекистон валюта сиёсатини янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларга эга.

Сўм курсини мустаҳкамлаш учун рақобатбардош товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ошириш, хусусан экспорт географиясини кенгайтириш, миллий валютани бундан буён ҳам конвертация қилишни кенгайтиришни таъминлаш зарур.

– Ўзбекистон миллий тўлов тизими ҳамда қатор халқаро сервислардан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимига ўтмоқда. Бироқ банкоматларда пул воситаларини нақдлаштириш ва хизмат кўрсатиш борасида кўплаб муаммолар мавжуд. Бу ҳолатнинг асосий сабаблари нимада деб биласиз ва буни қандай бартараф этмоқчисиз?

– Турли субъектлар орасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда нақд пулсиз ҳисоб шакли оммалашган. Республикамизда ҳисоб-китобнинг мазкур шакли босқичма-босқич жорий этилди ва ундан бугунги кунда аксарият юридик ва жисмоний шахслар фойдаланмоқда. Шу билан бирга, мазкур тизим ҳамма жойда ҳам банк мижозлари талабларига жавоб бермаяпти, пул воситаларини нақдлаштириш борасида муаммолар мавжуд. Мазкур масала Қонунчилик палатасида Марказий банк ва бошқа йирик тижорат банклари раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиши партия фракцияси томонидан режалаштирилмоқда.

– Партиянгиз дастуридаги бандлардан бири Ўзбекистонда туризм соҳасини изчил ривожлантиришга бағишланган. Мамлакатга туристлар оқимини, хусусан россиялик туристлар оқимини қандай қилиб оширмоқчисиз?

– Жаҳон цивилизациясининг қадим ўчоқларидан бири бўлган Ўзбекистон минтақада сезиларли туристик салоҳиятга эга. 7000дан ортиқ тарихий-архитектура ёдгорликлари, кўз қорачиғидек асраб келинаётган маънавий мерос, қадимий шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар ҳар йили мамлакатимизга дунёнинг 70 давлатидан икки миллионга яқин туристни жалб этади.

Лондон - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон Лондон туризм кўргазмасида иштирок этади

Бугунги кунда мамлакатимизда 500дан ортиқ туристик компаниялар хизмат кўрсатмоқда. 110дан ортиқ халқаро йўналишлар мавжуд. Улардан 65таси тарихий-маданий ёдгорликлар, 30таси табиат-рекреацион, 15таси соғломлаштириш туризми унсурлари мавжуд экологик йўналишлардир. Айни пайтда Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун энг оммабоп туризм тури маданий-тарихий туризм бўлиб қолмоқда.

Бизнингча, юртимизга туристлар оқимини ошириш учун кенг туристик аудиторияга эга мамлакатлар учун қатор харажатларни камайтириш ёки қўшимча имтиёзлар бериш зарур. Туризм инфраструктурасини янада ривожлантириш, ўртача синфдаги қулай меҳмонхоналар сонини ошириш, хизматлар секторини ривожлантириш, хусусан, аэропорт ва вокзаллардаги сервис сифатини яхшилаш, соҳага замонавий информацион технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, узоқ муддатли стратегик ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган давлатлар фуқаролари учун виза режимини соддалаштириш, туристлар йўлидаги бюрократик тўсиқлар, расмиятчиликларни бартараф этиш жоиз.

Фикримизча, туристик фаолият кўрсатадиган объектларда, халқаро аэропорт ва вокзалларда туризм бизнесини ривожлантирувчи омил сифатида сервис ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш даркор.

Туристик хизмат кўрсатишнинг барча даражаларида хизмат кўрсатувчи ходимларнинг маҳорати ва ишончлилиги мазкур масалада муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистонда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ўрта махсус ва олий таълим даражасида йўлга қўйилган. Бироқ аксарият ҳолларда талабалар туризм, умумий овқатланиш маскани ва меҳмонхона бизнеси соҳасидаги корхоналар қандай фаолият олиб бориши ҳақида фақатгина назарий билимга эга бўладилар холос. Шуни ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг туризм соҳасидаги корхоналарда амалиётга жалб этилишлари уларнинг юқори малакага эга бўлишларига улкан ҳисса қўшади.

Умуман олганда, жаҳон тараққиёти ва миллий тажрибамиз 1999 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Туризм ҳақида”ги қонунини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Шунингдек, туризм, умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнеси йўналишларида хизмат кўрсатиш сифати ва меъёрларининг стандартларини ишлаб чиқиш муҳим.

– Россиядан туристлар кам келишининг сабабларидан бири таклифлар пакети ва чартер рейслари мавжуд эмаслиги боис йўл ҳақининг қимматлигидир. Мазкур масалани давлат миқёсида ҳал этишни режалаштирганмисиз?

– Маълумки, Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиздир ва Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида етакчи ўринни эгаллайди.
Юқорида айтиб ўтганимдек, биз туризм соҳасининг улкан салоҳиятини ошириш ва ривожлантиришдан манфаатдормиз. Бундан ташқари, Россия Федерацияси туристларида Ўзбекистоннинг табиат масканлари, ўзига хос архитектура ва маданий ёдгорликларига бўлган қизиқиш ошиб бормоқда. Шу сабабли чартер рейслари, таклифлар пакети ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш ва бу борада қарор қабул қилишни муҳим деб ҳисоблайман.

–Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз ва яна қайси соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти мавжуд?

– Ўтган 25 йиллик мустақил тараққиёт даври давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳар доим юқори даражада бўлган. Бизни иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Барча йўналишларда самарали муносабатлар йўлга қўйилган. Мамлакатларимизда юзлаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Маданий-гуманитар соҳада мунтазам равишда турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз бу муносабатларни жуда қадрлаймиз ва келгусида ҳам барча соҳаларда стратегик ва иттифоқчилик муносабатлари давом этишига умид қиламиз.

– Партия дастурида Ўзбекистон тарихини сохталаштиришдан ҳимоя қилиш йўналиши кўрсатилган. Айнан қайси давр кўзда тутилган ва қайси тарихий маълумотларни нотўғри деб ҳисоблайсиз?

– Биз миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадрият масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу борада биз халқимиз ўтмишини, аждодларимиз томонидан қолдирилган бой меросни ўрганишни маънавиятни мустаҳкамловчи, тарихий мерос ва Ватанимизнинг замонавий тараққиётига нисбатан ғурур ва ҳурмат туйғуларини кучайтиришда муҳим омил деб биламиз. Шундан келиб чиқиб, халқимизнинг бой тарихи, тарихий меросини, аждодларимиз асарларини ўрганишда давом этиш, Ўзбекистон тарихининг ҳар қандай тараққиёт даври бузиб, сохталаштириб талқин этилишига йўл қўймаслик ёшларни миллий тикланиш ғоялари, миллий маданият ва қадриятларга ҳурмат, миллий ғурур ва қадриятлар туйғусини мустаҳкамлаш руҳида тарбиялашнинг пойдевори дейиш мумкин.

Умуман олганда, собиқ Совет Иттифоқи республикаларида кейинги 20-25 йил давомида давлатнинг 130-150 йил илгариги тарихи қайта кўриб чиқиш, уни мафкуравий қолип ва босимлардан холи қилиш жараёни кечмоқда. Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ тарихимизни холис ўрганиш ва қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Бу борада совет мафкураси таъсири остида яратилган тарихимизни сохталаштириш ва бузиб кўрсатиш ҳолатларидан фориғ этиш, ҳар бир давр ва тарихий шахсни холис ўрганиш асосий мақсад этиб белгиланди. Бизнингча, XIX асрнинг иккинчи ярмидан ўтган асрнинг 90-йилларигача бўлган даврдаги мураккаб ва аҳамиятли воқеаларга нисбатан ҳаққоний тарихий фактлар асосида баҳо беришга аҳамият қаратиш зарур. Бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Ўзбек халқининг тарихи бузиб кўрсатилишига қарши кураш деганимизда биз унинг тарихий ҳақиқатга мувофиқ келишини тушунамиз.

– "Миллий тикланиш” партияси миллий маданият, анъана ва қадриятларни тиклашни мақсад қилган. У ҳолда Сизнингча, рус тилининг мамлакатдаги роли ва аҳамияти қандай бўлади, бу тил мактаб ва олийгоҳларда ўрганиладими?

Россия ТИВ Сергей Лавров - Sputnik Ўзбекистон
Россия вазири Ўзбекистон президентига маҳаллий рус халқини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди

– Ҳа, дарҳақиқат "Миллий тикланиш” партияси давлат тили – ўзбек тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини янада юксалтириш, ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишга катта эътибор қаратмоқда. Бироқ мазкур вазифаларни амалга оширар эканмиз, биз асло мамлакатимиз ҳудудида яшаётган миллат ва элатларнинг ўз тилларида сўзлашишга бўлган ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўймаймиз. Тил бу халқларни бирлаштирадиган асосий муомала воситасидир.

Замонавий дунёда чет тилини билиш ўз талаб ва истакларини рўёбга чиқариш ҳамда бошқалар билан муомала қилишда муҳим шартлардан бирига айланиб бормоқда. Чет тили, жумладан рус тили ҳар қаерда, бошқа мамлакатларга саёҳатдан тортиб фойдаланиш бўйича техник йўриқномани ўқишгача керак бўлиб қолиши мумкин, чет тилини билиш юқори маош тўланадиган лавозимга эришиш имконини бериши мумкин. Инсон қанча кўп тилни билса, у ўз фикрини шунчалик моҳирлик билан баён эта олади ва дунёдаги воқеалар ҳақида кўпроқ билиши мумкин. Умуман, чет тилини, хусусан рус тилини билиш ҳар қандай ҳолатда ҳам кишида ўзига бўлган ишончни оширади.

Шунинг учун биз нафақат рус тили, балки бошқа барча тилларни ҳам ўрганишни қўллаб-қувватлаймиз. Агарда одамларда чет тилини ўрганишга эҳтиёж бўлса, улар учун етарлича шароит ва имкониятлар бўлиши лозим ва ҳеч қандай чеклашлар бўлмаслиги даркор. Энг асосийси – давлат тўсиқ яратмаслиги, аксинча чет тилларини ўрганиш тизимини ривожлантиришда ёрдам бериши лозим.

– Сиз паст сифатли, ахлоққа зид оммавий маданиятни  ёш авлоднинг маънавий ривожланишига таҳдидлардан бири деб ҳисоблайсиз. Сиз мамлакат санъатини, масалан кинематографияни қандай қўллаб-қувватламоқчисиз?

Ашхобод шаҳри - Sputnik Ўзбекистон
Ашхободда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди

– "Юксак маънавият – енгилмас куч”. Бу ғоя паст сифатли оммавий маданиятга қарши курашнинг энг муҳим тамойили ҳисобланади. Уни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш учун барча воситалар, жумладан миллий санъат турларидан оқилона фойдаланиш даркор. Зеро санъат – инсон қалбига энг яқин ва ишончли йўл. Агарда 90 фоиз ахборотни кўз орқали қабул қилишимизни ҳисобга оладиган бўлсак, аудиовизуал воситалардан фойдаланиш қанчалик муҳимлигини англаймиз. Бугунги кунда миллий кинематографияни халқнинг маънавий эҳтиёжи ва жаҳон киносининг замонавий талабларини унутмаган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш лозим. Нима учун? Чунки санъатнинг бу тури ёшлар онгига, бутун жамият ҳаётига бошқаларига нисбатан кучлироқ таъсир қилади.

Маълумки, томошабинлар аудиториясининг 70 фоизга яқинини 14 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Аксарият кинофильмларнинг ижодкорлари ҳам 35 ёшгача бўлганлар эканлигини эътиборга олиб хулоса қилиш мумкинки, ҳозирда кинематография етук шахс шаклланишида муҳим ўрин тутмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда айрим масалаларни кўриб чиқиш зарурати пайдо бўлди. Биринчидан, менимча, кино ишлаб чиқарувчи ва томошабин ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш зарур. Бундан ташқари, кинематографиядаги муаммоларни муҳокама қилиш ва замонавий кинони, жумладан, биринчи навбатда ёш томошабинларга мўлжалланган кинони ривожлантириш йўлларини белгилаб олиш лозим; иккинчидан, умумтаълим муассасалари ўқув дастурларига театр ва кино санъати билан боғлиқ фанни киритиш мақсадга мувофиқ; учинчидан, замонавий кинофильмлар яратиш бўйича амалий тадбирлар режасини қабул қилиш баробарида киноасарлар устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш керак. Ёшлар кўпминг кишилик томошабин аудиториясини ташкил этишини ҳисобга олиб, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш орқали киноижодкорларнинг яратаётган маҳсулотлари учун масъулиятини ошириш даркор; тўртинчидан, мазкур соҳадаги мутахассислар, хусусан, режиссёрлар, сценарий муаллифлари ва соҳанинг бошқа мутахассисларини тайёрлайдиган миллий мактаб ташкил этиш ташаббусини олға суриш лозим; бешинчидан, бевосита миллий кинематографияга тааллуқли, хусусий студиялар томонидан яратиладиган фильмларнинг бадиий, ғоявий ва малакавий даражасини оширишга хизмат қилувчи қонунни қабул қилиш керак; олтинчидан, ўзаро ҳамкорликда кенг миқёсли лойиҳалар ва бадиий фильмлар яратиш учун жаҳоннинг етакчи кинокомпаниялари билан ижодий алоқаларни йўлга қўйиш муҳим.

Янгиликлар лентаси
0