Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури эълон қилинди

© Sputnik / Алексей Никольский / Медиабанкка ўтишШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мазкур дастурда Ўзбекистондаги ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи муаммолар ечими бўйича таклифлар илгари сурилган

ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайтида Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури эълон қилинди.

Дастурга кўра, давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш режалаштирилган.

Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги барча бўғинлардаги ҳокимиятларнинг вазифа ва ваколатлар тизими такомиллаштирилади.

Ҳокимлик идораларининг моддий-техник таъминоти ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Ушбу ишларни амалга оширишда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш режалаштирилган.

Уяли алоқа минораси - Sputnik Ўзбекистон
Мижозлар мурожаатларига жавоб қайтариш устидан назорат кучаяди

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат хизматчилари томонидан сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига бутунлай барҳам бериш учун қатъий кураш олиб борилади. Давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини ошириш ва шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида "Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун қабул қилинади.

"Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" концепциясини амалга оширишни давом эттириш устувор вазифа бўлиб қолади. Бу мақсадда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш, маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш ва шунингдек, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.

Оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш соҳасида уларнинг иқтисодий асослари ва моддий базасини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар давом эттирилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг бош вазифаси – бу суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлашдан иборат. Шу муносабат билан судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, адолатли қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган судьялар корпусини шакллантириш, суд-тергов фаолиятига илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлат идораларида юридик хизмат самарадорлигини таъминлаш мақсадида юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи долзарб вазифа ҳисобланади.

Жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсатини, айрим жиноят турларини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказиш, ярашув институтини қўллаш имкониятларини янада кенгайтириш сиёсати давом эттирилади.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

Асосий ва муҳим вазифа – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиёт таркибида саноат улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурлар амалга оширилади. Шу мақсадда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёси, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган 8 та махсус дастур қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.

Яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу чоралар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради. Бундан ташқари, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича дастурни ишлаб чиқиш якунига етказилди. Қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси турибди. Натижада тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошади.

Дори воситалари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда дори воситаларини тайинлашда янги қоидалар жорий этилди

Яна бир муҳим вазифа фармацевтика саноатини жадал ривожлантиришдан иборат. 67 та ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши 162 та янги, ҳозирги вақтда четдан олиб келинаётган дори воситаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради. Айни вақтда, давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади.

Хорижий инвестициялар ва замонавий илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Ангрен шаҳрида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Ургут ва Ғиждувон туманларида, Қўқон шаҳрида ҳам эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

2017 йилда Янги иш ўринлари ташкил этиш дастури доирасида 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик ҳисобидан иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Бўш иш ўринлари ярмаркаси - Sputnik Ўзбекистон
Иш ҳаммага етади – Ўзбекистонда 2017 йилга Бандлик дастури қабул қилинди

2017–2020 йилларга мўлжалланган Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унинг доирасида экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда.

Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси мавжуд. Хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожига халақит берадиган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш зарур.

Мамлакат иқтисодиётининг ўсишида катта аҳамиятга эга бўлган 2017–2021 йилларда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилишни режалаштирилмоқда.

Дастурда Тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратишни кўзда тутадиган янги таҳрирдаги "Туризм тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суришни, шунингдек, "Ўзбектуризм" миллий компанияси фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарурлиги айтиб ўтилган.

2017–2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастурлари қабул қилинади. Натижада субвенция оладиган 81 та туман молиявий жиҳатдан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайдиган ҳудудга айланади, шунингдек, 41 та туман ва шаҳар бўйича субвенция даражаси сезиларли равишда камаяди. Тошкент шаҳри учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сирғали туманида яқин келгусида 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу эса қарийб 30 минг оилани, биринчи навбатда кам таъминланган оилаларни янги уй-жой билан таъминлаш имконини беради.

Қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиб, Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди. Унга биноан, 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 2017–2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади.

Намунали лойиҳалар асосида қурилган уйлар - Sputnik Ўзбекистон
Қишлоқ жойларда янги уйлар қурилишига 700 млн $ ажратилди

Келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3 миллион 200 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва республикада ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради.

Минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш дастури доирасида умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, аҳоли учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш мўлжалланмоқда.

Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастурига асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта замонавий автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналишлардаги эскирган  автобуслар янгиланади.

Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш билан бир қаторда Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам назарда тутилмоқда. Аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш эътибор марказида бўлади.

Ҳамшира иши - Sputnik Ўзбекистон
Тиббиёт соҳаси ходимлари маоши оширилди

Соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Аёлларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. 

Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш режалаштирилмоқда. "Нуроний" жамғармасининг мақоми ва мавқеини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади.

Маънавий-маърифий соҳада энг муҳим ва долзарб вазифа – юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, улар қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришдан иборат.

Бу борадаги сиёсат янги қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонун талаблари асосида қатъий давом эттирилади.

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати барча ёшлар интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқарадиган ва манфаатларини ҳақиқий ҳимоя қиладиган ташкилотга айлантирилиши зарур.

"Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди, бошқа давлатларнинг ҳарбий база ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўйилмайди", — дейилади дастурда.

Мазкур мақсад ва вазифаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Янгиликлар лентаси
0