ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Ўзбекистонда 2017 йилга аҳоли бандлиги дастури қабул қилинди. Бу ҳақда ut.uz хабар бермоқда. Дастур Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг 28 октябр кунги йиғилишида қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда янги йилда аҳоли бандлиги масаласи қандай ҳал этилиши ҳақида батафсил баён этилган.
Дастур шаҳар ва туманлар меҳнат бозоридаги асл вазият, айрим туманларда эҳтимолий ишсизликнинг ошиш омиллари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастурга кўра мунтазам иш ўринларида 389,3 минг кишининг бандлиги, хусусан янги иш ўринлари яратиш ҳисобига 345,3 минг ўрин, фаолият юритмаётган корхоналарни қайта тиклаш эвазига 44,0 минг иш ўрни яратилади, хусусий тадбиркорлик соҳасида 97,7 минг киши иш билан таъминланади.
Қишлоқ хўжалиги ишлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, пахта ва буғдой йиғим-терими, пиллачилик, намунавий типдаги уй-жойлар қуриш, ишлаб чиқариш объектларини қуриш соҳасида 199,1 минг кишини мавсумий ва вақтинчалик иш билан таъминланади. Шунингдек, шахсий ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлик ва оилавий тадбиркорлик йўналишларида иш билан банд бўлмаган 308,6 минг нафар аҳолини, хусусан, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Дастурни амалга ошириш доирасида аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатлами ҳамда 500 мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ва олийгоҳлар битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.