ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik, Таалайбек Ороскулов. 26 октябр куни Ўзбекистон Бош вазири Адҳам Икромов раҳбарлигидаги делегация жавоб ташрифи билан Ўш шаҳрига келди.
1 октябр куни икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга бағишланган тадбирларда қатнашиш учун Қирғизистон делегацияси Андижон вилоятига ташриф буюрганди. Илгарироқ қирғиз-ўзбек муносабатларида сув ва чегара муаммолари сабабли кескинлик пайдо бўлганди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.
Расман
Чоршанба куни президент Алмазбек Атамбаев тўққизта давлатнинг элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олиш маросимида Ўзбекистон халқи Шавкат Мирзиёевни президент сифатида танлашига умид билдирди.
У кўплаб ўзаро лойиҳалар айрим сабабларга кўра тўхтаб қолганини, лекин уларни умумий манфаатлар йўлида амалга ошириш вақти келганлигини айтди.
"Халқ мен деярли 10 йилдан буён биладиган ва танишдан ҳам яқинроқ бўлган Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти сифатида танлайди, деб умид қиламан. У ёки бу сабаблар билан тўхтаб қолган кўплаб лойиҳаларни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон манфаатлари йўлида амалга ошириш вақти келди деб ўйлайман", — деди Атамбаев.
Тўғри йўналиш
Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев ўзбек делегациясининг Ўшга ташриф буюришининг ўзиёқ икки давлат ўртасида муносабатларнинг янги босқичи бошланганлигидан дарак беришини айтди.
"Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида муносабатлар ёмон эди дейиш мумкин эмас, аксинча бизни тарихий дўстлик боғлаб туради ва буни кўплаб ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар исботлаб турибди. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Буларнинг бари сабр ва машаққатли меҳнатни талаб қилади", — деди Сариев.
У Қирғизистон ва Ўзбекистон яқин қўшнилар эканлигини, бу эса барча соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлигини билдиришини таъкидлади.
"Чегара борасида эса, Ўзбекистон билан бир нечта белгиланмаган участкалар бор. Мавжуд ҳужжатлар асосида халқаро талабларга амал қилган ҳолда сиёсий музокаралар олиб бориш даркор", — деди Сариев.
2018 йилдан умид катта
Сиёсатчи Бакит Бакетаев Ўзбекистоннинг янги етакчиси яхши қўшничилик ва қўшнилар билан ҳамкорликни ташқи сиёсатнинг устувор тамойилига айлантирди деб ҳисоблайди.
"Чегара масаласи энг оғриқли нуқта, у ҳар қандай давлатни ташвишга солади. Икки республика томонидан кўрилаётган чора-тадбирлардан келиб чиқадиган бўлсак, менимча муносабатлар яхшиланади ва тез орада бунинг самарасини кўрамиз. 2018 йилда эса оғриқли яра бўлган чегара муаммоси барҳам топади", — деди Бакетаев.
Бу вақтга келиб Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам янги президентлар бўлади. Ҳудуддаги йирик ГЭСлар (Қирғизистон ва Тожикистонда) қурилиши ҳам олдинга силжиши мумкин, зеро Ўзбекистон бу йўналишда ҳам қадам ташлади, таъкидлади эксперт.
"Илгариги тажрибадан келиб чиқиб, ҳеч ким "оғиз-бурун" ўпишмайди. Биз текис, барқарор муносабатларга, барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликка гувоҳ бўламиз", — деди у.
У сиёсий муносабатлар илиқлашганидан кейин кескин "аёз" бўлишидан хавфсирамаслик лозимлигини, лекин ҳар бир давлатнинг "чўнтагида тош бўлиши"ни ва ундан халқаро сиёсатда у ёки бу мақсадига эришишда фойдаланишини унутмаслик кераклигини айтди.
"Биз шундай сиёсат олиб боришимиз керакки, қўшниларимиз чўнтакларига тош солиб юришмасин. Бу ерда жуда кўп нарса — амалда 50 фоиз — давлат раҳбарларининг шахсий муносоабатларига боғлиқ", — деди эксперт.
Хавфсизлик ҳамма нарсадан устун
Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, сиёсат фанлари доктори Аликбек Жекшенкуловнинг фикрича, икки давлат муносабатларининг илиқлашуви табиийдир.
"Ташқи ва ички таҳдидлар ҳақида ҳамма билади: бу Афғонистон чегарасидаги беқарорлик, Марказий Осиё фуқароларининг "Ислом давлати" террорчилик гуруҳи сафида иштирок этишлари ва бошқалар. Ҳудудда хавфсизликни сақлаш Марказий Осиё давлатларининг устувор вазифаси ҳисобланади, буни барча давлатларнинг ҳамкорлигисиз амалга оширишнинг имкони йўқ. Ҳудуд икки томонлама муносабатлар барча – сиёсий, иқтисодий, гуманитар, маданий соҳаларда тубдан яхшиланмаган тақдирда ҳам хавф остида бўлади", — деди дипломат.
У қирғиз ва ўзбек делегацияларининг дўстона ташрифлари ижобий жараёнлар бошланганлигини билдиришини айтди. Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиёда яхши муносабатлар узоқ вақт давом этиши лозимлигини тушунишади.
"Ўзбекистоннинг янги етакчиси ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар қилиш учун фаол қадам ташламоқда, қўшнилар билан муносабатларни яхшилашга уринмоқда. Мен Шавкат Мирзиёевни шахсан биладиган киши сифатида айтишим мумкинки, у бу масалада собит ва қатъият билан иш олиб боради… Албатта, ҳамма интеграцияга уринади, ҳамма барқарорликни истайди, лекин ҳудудда ўз манфаатларини кўзлаган йирик ташқи кучлар аралашишни бошласа, жуда кўп нарсага, жумладан Ўзбекистоннинг қўшнилар билан ҳамкорлигига ҳам таъсир қилувчи воқеалар юз бериши мумкин", — деди Жекшенкулов.
Ўтмиш ва келажакка назар
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашганди. Масалан, 2016 йил мартида Ўзбекистон Жалолобод вилояти билан чегарадаги белгиланмаган ҳудудга бронетехника жойлаштирди ва Кербен — Ола-Буқа автойўлини беркитиб қўйди. Музокаралар натижасида 23 март куни тўсиқ олиб ташланди.
Августда эса Қирғизистон ретранслятор минораси жойлашган Унгар-Тоо ҳудудига вертолётда Ўзбекистон ИИВ ходимлари келиб тушган ва станциянинг тўрт нафар ходимини қўлга олганди. Ходимлар 9 сентябр куни қўйиб юборилганди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сентябр ойидан илиқлаша бошлади. Давлат чегараларини демаркация ва делимитация қилиш ишлари фаоллашди — икки давлат мутахассислари чегарадаги 78та участкани ўрганиб чиқишди. Бундан ташқари, ўзбек-қирғиз ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар бошланди.