ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2016 йил 14 октябрь куни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига бағишланган брифинг ўтказди, деб хабар қилинган Тошкент вилояти ҳокимияти расмий сайтида.
Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Маданий, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажжар, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари ҳам иштирок этади.
18 октябрда ўз ишини бошлайдиган сессия доирасида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси Кувайт Давлати ўз раислик ваколатини расман Ўзбекистонга топширади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессиясига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг раиси функцияларини амалга оширади.
Тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларни бирлаштирувчи умумэътироф этилган форум сифатида қарайди, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги бўлажак раислигини эса мамлакатимизнинг ислом тамаддуни ривожига қўшган улкан тарихий ҳиссасининг эътирофи, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг дунёдаги ролини кенгайтириш ҳамда ташкилот олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Сессия қатнашчилари ялпи мажлисларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти олдида турган давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилади.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш доирасида жорий йилнинг август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида Иқтисодий, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича Ислом комиссиясининг 39-сессияси ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар юқори мансабдор шахсларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу форумлар ишида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Сессия якунига кўра қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.