ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо 26 давлатнинг ташқи ишлар вазирлари ИҲТ ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 43-мажлисида иштирок этадилар, деб маълум қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов.
ИҲТ ТИВКнинг 43-мажлиси 18-19 октябр кунлари Тошкентда Ўзбекистон раислигида ўтади.
"ИҲТнинг йигирма олти аъзо давлатлари мажлисда иштирок этишини расман тасдиқладилар", — деб маълум қилди Фозилов. Унинг сўзларига кўра, мажлисда шунингдек, ИҲТ бош котиби Ияд Амин Мадани, Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Хажжар, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия ва Швейцариянинг махсус элчилари, қатор халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари қатнашадилар.
Вазир ўринбосарининг айтишича, Тошкентдаги мажлис давомида юздан ортиқ резолюциялар, хусусан, ИҲТ кун тартибининг асосий масалалари акс этган Тошкент декларацияси, ташкилот ТИВКда Ўзбекистон раислигининг устуворликларини тасдиқлаш режалаштирилган.
Илгарироқ Ўзбекистон ТИВ мамлакатнинг ИҲТ ТИВКдаги раислигида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида илмий-техникавий, савдо ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашни кучайтиришда бирлашиш ҳамда ядро қуролидан холи ҳудудларни кенгайтиришга катта эътибор қаратилишини маълум қилганди.
ИҲТ 1969 йил сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун ташкил этилган. 2011 йилга қадар у Ислом конференцияси ташкилоти номи билан аталган. ИҲТга 57 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган. Россия 2005 йилдан буён ташкилотда кузатувчи мақомига эга.