ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Чорак аср вақтдан буён собиқ барча совет республикалари ўз ривожланиш йўлидан бормоқда. Мустақиллик йиллари Ўзбекистонга барча соҳаларда туб ўзгаришларни инъом этди. Шу тариқа, СССРсиз 25 йил давр мобайнида мамлакатда ижодкор касбига эга кишилар — шоирлар, ёзувчилар, режиссёрлар, сценарийчилар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, артистлар, хонандалар, журналистлар учун улкан имкониятлар пайдо бўлди.
Мустақиллик йиллари маҳаллий телевиденига нима бергани, у оёққа туришда қандай йўлни босиб ўтгани, умуман, ТВдаги профессионал диктор образи қай даражада ўзгаргани ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, "Ахборот" хабарлар дастури диктори Галина Мельникова Спутник Ўзбекистон мухбири билан ўртоқлашди.
- Галина Витальевна, айтингчи, "Ахборот" ўша пайтда қанақа бўлган?
— У пайтларда ҳаммаси бошқача эди. Тўғридан-тўғри эфир бор эди. Ҳозир бу нарса телевидениеда умуман йўқ. Ўша пайтларда Ўзбекистонда битта канал фаолият юритар эди, кейин иккинчи канал пайдо бўлди. Шу тарзда бу икки канал узоқ вақт фаолият юритди. Мен биринчисида ҳам, иккинчисида ҳам ишлаб кўрдим. Ёдимда қолгани, машҳур инсонлар билан кўплаб кутилмаган учрашувлар бўлган. Қаерда бўлганиму, нималар қилганларимни ҳаммасини сизга айтиб беролмайман, вақт етмайди.
Ишим юзасидан Кремль қурултойлар саройи, юлдузлар шаҳарчасида ўтган концертларда бўлганман. Ҳозирги телебошловчилар, албатта, республика миқёсида ишлайдилар.
Мисол учун, "Ахборот"га тайёргарлик кўраётган вақтингизда, кутилмаганда, бир гуруҳ космонавтлар ташриф буюради. Улар орасида энг таниқлиси Рукавишников Николай Николаевич эди. У кишини менга таништириб, "Бу инсондан интервью оласан!", дейишди. Гап қайтариб бўларканми? Саволларни муҳокама қилиб олгач, у кишига узримни айтишга мажбур бўлганман, сабаби бу вақтда 20 дақиқалик тўғридан-тўғри дастурим бор эди-да. Комиссия эса Рукавишников кутмаслигини айтиб, фазогирларнинг дублёрлари бўлишини таъкидлаб, ўшани чақиришни буюрди. Николай Николаевич эса дублёрдан воз кечиб, кутишини маълум қилди.
Хуллас, бу каби ҳолатлар жуда кўп бўлган.
Шостакович билан боғлиқ интервьюда ҳам шундай бўлган. Суҳбатдошни олиб келиб, кутилмаганда шу билан суҳбат қиласан дейишади. Ўтирдик, у кишининг фаолиятини чуқур билмаганим учун, гапни нимадан бошлашни билмайман. Аммо шундай шароитда ҳам Шостакович билан келишиб олиб, сўнгра эфирга чиқдик.
- Биринчи интервьюингиз ёдингиздами?
— Албатта. Майя плисецкая билан суҳбатлашганман. Ўшанда профессионалликдан жуда йироқ қизалоқ эдим. Плисецкая ўшанда машҳурлик чўққисини забт этган, каттазанг аёл, мен эса уни осмонлардан тушган маъбуда, дея билгувчи содда қизалоқ. Бу суҳбат ҳам тўғридан-тўғри эфирда кетган, унда менинг юз ифодам жуда ҳам ишонарсиз бўлган.
Одамлар менинг олдимга келиб, "дикторларнинг ўзлари бир оламу, улар ўқиётган матн алоҳида бир дунё", дея телебошловчилардан шикоят қилишга тушишганда, жуда ҳам ҳавотирга тушаман. Шу боис, менга мурожаат қилган дикторларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Улардан маслаҳатимни аямайман, уларнинг фикрлаш доираси кенгайиши, улар ривожланишлари учун тўғри йўналиш кўрсатаман.
- СССР тарқалгани ҳақида эълон қилинган вақт ёдингиздами? Ахир сиз бу ҳақда янгиликни ўқиган бўлишингиз керак?
— Албатта, бу каби хабарлар ўша вақтда катта ҳаяжон билан қабул қилинар эди. Улкан мамлакат тарқалиб борарди, жуда мураккаб давр бўлган. Таъминот борасида муаммолар бошланган.
- ТВда нималар рўй берган ўша вақтда?
— Ҳар бир кишида ўзни йўқотиш туйғуси билан бирга янгиланиш ва вазиятнинг яхшиланишига умид пайдо бўлди. Эътироф этиш жоизки, бу янгиланиш ўзбек телевидениесида ҳаммадан кўра эртароқ рўй берди. Замонавий телевидения жиҳозлари олиб келинди, янги бино, янги медиа-марказ қурилиши бошланди. Медиа-марказ жуда ажойиб, кўптармоқли бўлиб, у ерда фильмларни суратга олиш мумкин.
У ерда суратга олинаётган дастурларни томоша қилсангиз, уларнинг расмийлаштирилиши нуқсонларсиз эканлигига, декорациялар билан бойитилганига ва кенг студияларда суратга олинганига гувоҳ бўласиз. Бундан ташқари, замонавий, енгил аппаратуралар пайдо бўлди. Илгари оператор ўзининг елкасида оғир камераларни ташишга маҳкум бўлган бўлса, ҳозирда бундай муаммолар йўқ, ва бу қувонарли, албатта.
Ёритгичларга келадиган бўлсак, илгари улар шу даражада эдики, телебошловчилар шашликка айланиб қолишига бир баҳя қоларди. Улкан ёритгичлар ҳаммани тенг "кўр" қилиб қўярди. Ҳозирда эса ёритиш меъёрида, баъзан, наҳотки бу нур яхши картина чиқариб бера олади, деган ўйга борасиз. Натижада эса ҳаммаси кутилганидек. аъло даражада чиқади. Бу эса техникаларнинг янада такомиллашганидан даракдир.
Мустақиллик йиллари давомида, шунингдек, каналлар сони ортди. Эндиликда ҳар бир киши ўзи истаган, кўнглидаги нарсасини танлаб томоша қилиши мумкин, иттифоқ даврида эса бу нарса йўқ эди. Бундан ташқари, дастурлар мавзу жиҳатдан ҳам янада бойиган.
Бир сўз билан айтганда, телевидениеда кенг имкониятлар пайдо бўлган: қисқа ва тез фурсатда стажировка ўташ, чет элда малака ошириш имкониятлари пайдо бўлган. Бу нарса, табиийки олдинлари мавжуд эмасди.
Аммо, хоҳлардимки, бошловчини телевидениеда чиқаришдан олдин улар учун синов муддати белгиланса. Ўтмишда, мен энди иш бошлаган вақтларимда, бизни жуда ҳам мураккаб, қийин шартлар асосида танлаб олишган. Бундай танловлар ҳозирги ёшларнинг тушига ҳам кирмагани аниқ. Мен бир йил давомида маошсиз ишлаганман. Ва шу синов муддати комиллик сари интилишим учун туртки бўлган. Афсуски, айни вақтда бундай танловлар мавжуд эмас. Ёшларимиз ҳамма нарсага осон ва тез эга бўлишмоқда, балки шунинг учундир баъзан кўп нарсанинг қадрига етишмайди.