ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Биринчи ҳолат – динамиканинг йўқлиги ҳақида. "Вақт – пул", дейишади. Шу сабабли Ғарб анимациясида ундан унумли фойдаланишади – белгиланган вақт ичида имкон қадар кўпроқ воқеа, тасвир, ҳаракат қамраб олинади. Воқеалар тез, ҳаракатлар эпчил. Бизда ҳам "вақт – пул!" Лекин буни ижодкорларимиз асл маъносида тушунишади, чамаси.
Эшитишимизча, ҳукумат мультфильмлар яратиш учун жаҳон стандартлари даражасида (вақт нисбатида) маблағ ажратади. Бироқ ижодкорларимиз ҳозирча жаҳон даражасидаги маҳсулот яратмади. Сабаби нима бўлса?
Иккинчи ҳолат – фирибгарликнинг улуғланиши ҳақида.
Яратилаётган аксарият мультфильмлар нимагадир фирибгарлик, бошқаларни алдаш, чув тушириш ҳақида. Хусусан, афандининг уйидаги сотилмаган қозиқ; қўшнининг 999 тангасини олиб, уни чув тушириши; деҳқончилик орқали рақибини чув тушириш; бедананинг тулкини алдаши; қаноти синиб, уруғ ташлаб кетган лайлак; бўталоққа айланган қўзичоқ; бўялган қовун билан бойларни алдаш ҳақидаги ва яна шуларга ўхшаш ўнлаб фильмлар… Албатта, уларда ижобий қаҳрамон салбийларига ёки содда камбағал хасис бойга фириб беради.
Лекин болалар онгига "ёмонларга фириб бериш яхшилик", деб сингдириш тўғримикин? Ахир "яхши" ва "ёмон" тушунчалари ўртасида аниқ ва узил-кесил чегара бўлмаса. Кўпинча ҳар бир инсон яхши ва ёмонни ўз манфаатидан келиб чиқиб, белгилайди-ку! Демак, жамиятда фирибгарларнинг кўпайиши бевосита мультфильмларга ҳам тақалиши мумкин.
Агар, шу фильмлар санъат асари даражасида мукаммал бўлганда, чидаса, ғоянинг ноқислигига кўз юмса бўларди!
Коммунистик тузумнинг бош шиори: "ўғирлаб топилган мулкни тала!" бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ўша жамиятда кўзга ёмонроқ кўринган кишининг бор-будини шилиб олиш эзгулик саналган. Эртак ва латифаларда ҳам бу ғоя улуғланган.
Энди эса, болалар учун мультфильмлар яратишга масъул шахслар ўша эртаклар асосида болаларни тарбияламоқчи бўлади. Баҳоналари ҳам тайёр – "булар халқ оғзаки ижоди, (халқ оғзаки ижоди сифатида ХХ асрда яратилган, ёзиб олинган, тартиб этилган ижод намуналарини ҳам бир кўр қайта ўрганиб чиқиш керакмикин?), уларни ўзгартириб бўлмаса…"
Ҳолбуки, аллақачон тузум ўзгариб, хусусий мулкнинг дахлсизлиги белгилаб қўйилган. Мультипликаторлар эса ҳаётдан, ҳуқуқий тартибдан ортда қолиб, миллий ғоянинг маъни-моҳиятини тушунмай, ҳалиям коммунистик тузумнинг ноғорасини чалиб юрибди.
Ҳалиги латифани эшитганмисиз?
Оркестр таркибидаги ноғорачи ҳеч куйга мослашолмабди. Ниҳоят куй тамом бўлиб, дирижёр томошабинга ўгирилиб, таъзим қилаётганда, у ноғорасини тўрт марта даранглатиб, «уф, зўрға етиб олдим», деган экан.
Мультипликаторлар ўша ноғорачига ўхшаб кетади. Улар ҳам қачондир етиб олишар, лекин бундан нима фойда, куй аллақачон расво бўлган!