ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Россия қўшинлари Суми вилоятидаги Корчаковка ва Донецк Халқ Республикасидаги Новоалександровка қишлоқларини назоратга олди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, “Шимол” қўшинлари гуруҳи бўлинмалари фаол ҳаракатлар натижасида Корчаковка аҳоли пункти устидан назорат ўрнатган, “Марказ” қўшинлари гуруҳи бўлинмалари эса Новоалександровка аҳоли пунктини озод қилган.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, “Шимол” гуруҳи мотоўқчилари артиллерия ва зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари кўмагида Корчаковкага кириб, аҳоли пунктида ўрнашиб олган.
Ҳарбийлар Украина кучларининг ўт очиш нуқталарини йўқ қилиб, уларни аҳоли пунктидан ташқарига сиқиб чиқарган.
Россия Мудофаа вазирлиги “Шимол” қўшинлари гуруҳининг фаол ҳаракатлари Украина кучларини давлат чегарасидан узоқлаштираётганини таъкидлади.
Шунингдек, Корчаковка фронтнинг ушбу қисмида Украина Қуролли кучларининг мустаҳкамланган мудофаа тизимига кирган иккинчи аҳоли пункти бўлгани қайд этилди.