ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. 30 мартдан Ўзбекистоннинг "Centrum Air" хусусий авиакомпанияси Тошкентдан Россиянинг энг йирик курорт шаҳарларидан бири — Сочига парвозларни йўлга қўяди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
“Қора денгиз ва майда тошли пляжлар, тоғлар ва сайр учун мўлжалланган йўлаклар, Сочи-парк, Дендрарий ҳамда Олимпия парки таътилингизни ёдда қоларли қилади”, — дейилади компаниянинг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.
Тошкент-Сочи йўналиши бўйича авиачипталар нархи 2,7 миллион сўмдан, бориб-келиш чипталари эса 3,76 миллион сўмдан бошланади.
Аввалроқ авиакомпания 30 мартдан Тошкентдан Самарага, 31 мартдан Омскка, 1 апрелдан эса Владивосток ва Улан-Удэга ҳафтасига икки мартадан парвозларни йўлга қўйишини маълум қилган эди.
Шунингдек, "Centrum Air" Тошкент, Самарқанд, Нукус, Термиз ва Урганчдан Москва, Санкт-Петербург ҳамда Россиянинг яна саккизта шаҳрига парвозларни амалга оширмоқда.