Умрбод қамоқ жазоси терактнинг бевосита ижрочилари Шамсиддин Фаридуни*, Далержон Мирзоев*, Муродали Ражабализода* ва Муҳаммадсобир Файзовга* ҳамда яна 11 нафар судланувчига нисбатан қўлланилди.
Россия Тергов қўмитаси маълум қилишича, терактга алоқадор деб ҳисобланаётган яна икки ташкилотчи ва тўрт нафар иштирокчига нисбатан тергов давом этмоқда. Улар халқаро қидирувга берилган ва сиртдан ҳибсга олинган.
Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида 2024 йил 22 март куни теракт содир этилган эди. Тергов маълумотларига кўра, ҳужумчилар бинодаги одамларга ўқ узган ва томоша залини ёқиб юборган. Оқибатда 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши жароҳат олган. Етказилган зарар қарийб 6 миллиард рубль деб баҳоланган.
Воқеадан бир неча соат ўтиб терактнинг 4 нафар ижрочилари Рязань вилоятида Украина чегарасига яқин жойда ҳибсга олинган эди. Кейинчалик уларнинг гувоҳлик беришича, уларга Украина чегарасидан ўтиш учун махсус "туйнук" тайёрланган.
**Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчи ташкилот