ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. iqair.com портали маълумотларига кўра, 1 март ҳолатига Тошкент ҳаво сифати индекси (AQI) ва PM2.5 кўрсаткичи бўйича дунё шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиққан. Рейтинг реал вақт режимида шаклланади ва кўрсаткичлар соат сайин ўзгариши мумкин.
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги маълум қилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавоси сифати вақтинча ёмонлашган. Айни пайтда ҳавода майда дисперс заррачалар — PM2.5 ва PM10 концентрациясининг ошиши кузатилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, вазиятга шамолсизлик ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлмоқда. Кечаси +3…+5°C, кундузи эса +11…+15°C орасидаги ҳарорат фарқи инверсия шаклланишига олиб келган.
Инверсия шароитида атмосферанинг ерга яқин қатламларида ҳаво алмашинуви секинлашади. Натижада ифлослантирувчи моддалар юқори қатламларга тарқалмай, пастки қатламда тўпланиб қолади.
Синоптиклар прогнозларига кўра, эртадан бошлаб кутилаётган ёғингарчилик ва шамол ҳаво сифати кўрсаткичларининг яхшиланишига олиб келиши мумкин.