Гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ, фоҳишахоналар — ИИВ тезкор тадбирлар натижаларини очиқлади

Тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилиб, қурол-яроғ ва гиёҳванд воситалар ноқонуний муомаладан олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. 20 январь кунидан бошлаб ИИВ ҳамда ДХХ ҳамкорлигида махсус тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, крименоген вазиятни барқарорлаштириш, уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйиш мақсадида 2600 дан ортиқ махсус тезкор тадбирлар амалга оширилган. Тадбирлар доирасида 18 та уюшган жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолияти бартараф этилган, шунингдек, 51 та гуруҳ таркибида содир этилган жиноятлар ҳам фош этилган.
Қайд этилишича, айрим спортчилар ҳам бундай жиноий гуруҳларга қўшилиб қолган.
Уюшган гуруҳлар томонидан:
45 та товламачилик;
8 та талончилик ва босқинчилик;
42 та қиморхона ташкил этиш;
одам савдоси ва фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 386 та жиноят содир этилгани аниқланган.
Улар ўз мақсадлари йўлида қарийб 1000 дона бейсбол биталари, кастет, ўткир тиғли жисмлар ва бошқа турдаги совуқ қуроллардан фойдаланишга уринган.
Тезкор тадбирлар давомида 108 та ҳолатда ўқ-отар қуролларни ноқонуний сақлаш ҳолатлари фош этилган. Жами 104 дона турли хил қурол, 987 дона ўқ-дори ва 1,5 кг портловчи моддалар муомаладан олинган.
Шунингдек, гиёҳвандлик, психотроп воситалар ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 951 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 527 та жиноят иши қўзғатилган, 30 та ҳолатда маъмурий иш юритилган. Тадбирлар давомида 123 кг гиёҳвандлик воситалари ҳамда 57 013 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дорилар муомаладан олинган.
Жиноятчиликка қарши курашда мутлақо янги тизим яратилади — президент