ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. Ўзбекистонда давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Президент томонидан тегишли фармон имзоланди.
Маълумот учун, Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Агентлик) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида ташкил этилди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган 33 та туман ва шаҳарда тажриба тариқасида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилади.
Унга кўра:
Давлат органлари фаолияти учун мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторлар Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Агентлик:
натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқади ва унинг жорий этилишини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;
мақсадли кўрсаткичларга эришилганликни “samaradorlik.gov.uz” электрон платформаси орқали баҳолайди;
кадрлар салоҳиятини ошириш ва вазифаларни самарали бажаришга кўмаклашади;
давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда замонавий танлов усулларини ва заруратга кўра қўшимча босқичларни жорий этади.
Фармонга мувофиқ, давлат органларининг вазифа ва функциялари қуйидаги даражаларга бўлинади:
- конституциявий ва миллий даража;
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари даражаси;
- ҳудудий даража;
- туман (шаҳар) даражаси;
- маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини даражаси.
2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган 33 та ҳудуддаги давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади.
Унга кўра:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари туман (шаҳар) бўлинма раҳбарлари, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ёки Тошкент шаҳри доирасидаги бошқа туманга (шаҳарга) ротация қилинади;
ротация қилиниши керак бўлган раҳбарлар Агентликнинг “hrm.gov.uz” платформаси орқали аниқланади;
раҳбар янги ҳудудга ўтишдан олдин ушбу ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати бўйича интенсив ўқув курсидан ўтади;
ротация қилинган раҳбар фаолияти Агентлик томонидан электрон платформа орқали онлайн мониторинг қилиб борилади.