ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Марказий Осиёда сўнгги беш йилда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар 83 фоизга, контрабанда ҳодисалари 55 фоизга, олиб қўйилган моддалар ҳажми эса 52 фоизга ошган. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Баҳодир Тошматов Самарқандда ўтказилган CARIC Миллий координаторлар кенгаши йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Йиғилиш "CARIC 2.0: минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун ташкилот салоҳиятини ошириш" мавзусида бўлиб ўтмоқда.
В Самарканде проходит заседание Совета национальных координаторов ЦАРИКЦ
© Sputnik
Тошматовнинг айтишича, ҳудудда синтетик гиёҳванд моддалар, хусусан метамфетаминнинг ноқонуний айланмаси 62 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, ички ишлаб чиқариш ҳам ўсмоқда: яширин лабораториялар сони 111 фоизга ошиб, ҳозирда 331 тани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда эса 2024 йилда бешта, жорий йилнинг тўққиз ойида яна ўнта шундай лаборатория аниқланган.
Тошматов йиғилишда минтақа давлатларини наркотрафикка қарши курашда тезкор ҳамкорликни фаоллаштириш, қўшма операцияларни кенгайтириш ва инфратузилмавий имкониятларни кучайтиришга чақирди. Шунингдек, кадрлар тайёрлашни ривожлантириш ва халқаро шериклар билан ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
“Биз жиноий тармоқлар янада кучайишини кутиб тура олмаймиз. Бизнинг жавобимиз мувофиқлаштирилган, изчил ва қатъий бўлиши керак. CARIC – тўлиқ ишлаши зарур бўлган стратегик механизм,” — деди у.
Маълумот учун, CARIC — Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш марказидир.