ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳрида ҳаводаги PM 2.5 миқдори 24 ноябрь соат 18:00 да 171 мкг/м³ ни ташкил этган бўлса, 28 ноябрга келиб 97 мкг/м³ гача камайди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ўтказилган рейд натижалари бўйича берган маълумотида айтилган.
Маълумотда таъкидланишича, ушбу кўрсаткич Махсус комиссия томонидан амалга оширилган қуйидаги ишлар натижасида яхшиланди:
Иссиқхоналар бўйича:
1 449 та иссиқхона текширилиб, 67 тасининг фаолияти тўхтатилди;
403 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди;
19 та хўжаликка газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилди.
Қурилиш объектлари бўйича:
6,3 гектар майдонда жойлашган 53 та ноқонуний қурилиш аниқланди;
186 ҳолатда ҳаво ифлосланиши қайд этилди, 235 та объектнинг 25% ҳудуди кўкаламзорланмагани аниқланди;
34 та объектда қурилиш вақтинча тўхтатилди, 188 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди;
51 та объектга сув пуркагичлар ўрнатилди.
Автотранспорт бўйича:
Юкни ёпмасдан ҳаракатланган 837 та, атмосферага меъёрдан ортиқ зарар келтирган 206 ҳайдовчига жарима қўлланилди.
Микроиқлим барқарорлигини таъминлаш бўйича:
496 км ҳудудга тенг кўча ва жамоат жойларига сув сепилиб, намлантирилди;
45 та каналдан сув олувчи 322 км узунликдаги 121 км ариқлар тозаланди;
126 та фаввора ишга туширилди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида дарё ва сойлардан ноқонуний қум-шағал қазиш бўйича 54 ҳолат аниқланди. Айбдорларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.