ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) “Masdar” ва “AMEA Power” компаниялари Навоий вилоятида электр сақлаш тизимларини қуради. Абу-Дабида ўтказилаётган “ENACT Majlis” ва “ADIPEC-2025” сунъий интеллект ва энергетика соҳасига оид халқаро форумларда тегишли келишувларга эришилди, деб хабар берди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Келишувга кўра, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 300 МВт/600 МВт·соат ва “AMEA Power” компанияси 200 МВт/800 МВт·соат қувватли 2 та энергия сақлаш тизимини қуради.
Тадбир доирасида БАА саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Аҳмад ал-Жобир, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий ва қатор ҳамкор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ҳам ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва БАА ўртасида “яшил” энергетика ва нефт-газ соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда умумий қуввати 1 247 МВт бўлган 5 та қуёш ва 500 МВт қувватли 1 та шамол электр станцияси ҳамда 63 МВт қувватли 1 та энергия сақлаш тизими ишга туширилгани ва барқарор “яшил” энергия ишлаб чиқараётгани алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда.