ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Россия томонидан озод қилинган ҳудуд орқали қуршовда қолган украиналик ҳарбий хизматчиларга киришга уринишни тақиқлаш ҳақидаги баёнот Украина Қуролли кучларининг (УҚК) Красноармейск, Димитров ва Купянскдаги қолдиқлари учун ҳалокатли вазиятнинг расмий эътирофи бўлди. Бу фикрни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили, генерал-лейтенант Игорь Конашенков ўз чиқишида билдирди.
Бундай баёнот Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Георгий Тихий томонидан берилган эди.
Маълум қилинишича, шу баёнот орқали Украина ТИВ вакили журналистлар ёки Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг қуршовдаги ҳудудларга кириши ёки чиқиши учун Россиянинг хавфсизлик йўлакларидан бошқа ҳеч қандай имконият қолмаганини тан олди.
Конашенковнинг таъкидлашича, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган йўлаклар орқали журналистларнинг ушбу ҳудудларга киришини тақиқлаш Киев режимига фронтдаги ҳақиқий вазиятни яшириш, халқаро жамоатчилик ва Украина аҳолисини чалғитиш имконини беради.
“Бу ҳаракатларнинг асосий мақсади — Киев режимининг юқори раҳбарияти томонидан Ғарб ҳомийлари ажратаётган, Россияга қарши урушга йўналтирилган молиявий маблағларни ўзлаштириш учун қулай шароитларни сақлаб қолиш”, — деди Конашенков.
Кеча Россия ҳарбийлари Россия президенти Владимир Путиннинг махсус ҳарбий операция ҳудудида УҚК қуршовга олинган жойларга хорижлик журналистларни ўтказиш буйруғини олишди. Россия қўмондонлиги зарур ҳолатларда ушбу ҳудудларда жанговар ҳаракатларни 5-6 соатга тўхтатиб туришга тайёр.