ТОШКЕНТ, 15 окт – Sputnik. Самарқандда 16–17 октябрь кунлари МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари, махсус ва разведка хизматлари раҳбарлари мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу анжумандан кўзланган мақсад — Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг айланмасига қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Мажлисда замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар кўриб чиқилади.
Тадбирда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизстон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази вакиллари иштирок этади.