Мирзиёев ва Раҳмон муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

Етакчилар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Душанбе шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, икки томонлама ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, авиақатновлар сони ортиб бормоқда.
Президентлар ўзаро савдони кўпайтириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратишди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинув ва сермаҳсул ҳудудлараро алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Мирзиёев ва Раҳмон халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик асосий масалалар, жумладан, жорий йил ноябрида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан батафсил фикр алмашди.
Эслатамиз, Ўзбекистон раҳбари амалий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди. Мирзиёев 9-10 октябрь кунлари "Марказий Осиё – Россия" форматидаги иккинчи саммит ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.
Марказий Осиё ва Россия раҳбарлари хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади