ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Спорт вазири Адҳам Икрамов Россия Федерацияси спорт вазири биринчи ўринбосари Одес Байсултанов бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида икки давлат ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилаётган йирик спорт тадбирлари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур масала юзасидан тадбирда иштирок этган Бошқирдистон спорт вазири Руслан Хабибов ҳам маълумот берди.
Учрашувда Адҳам Икрамов томонидан Ўзбекистонда спорт соҳасида эришилган ютуқлар, соҳани рақамлаштириш борасида эришилган натижалар ҳамда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси билан яқиндан танишиб, спорт инфратузилмаси, замонавий мажмуалар ва яратилган шароитларга юқори баҳо беришди.