"Asaka Motors" ва "Росатом" энергия сақлаш қурилмаларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилади

Томонлар Ўзбекистонда литий-ион аккумуляторлар ва энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. "Росатом" корпорацияси таркибидаги TVEL компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг Asaka Motors International компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича муҳим ҳужжат имзоланди.
Унга кўра, томонлар Ўзбекистонда литий-ион аккумуляторлар ва энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб боради.
Соғлом рақобатбардошликни таъминлайдиган лойиҳа электромобиллар ва стационар энергия тизимлари учун замонавий батареялар ишлаб чиқаришни назарда тутади. Асосий йўналишлар сифатида қуйидагилар белгиланган:
ишлаб чиқариш қувватларини аниқлаш;
компонентлар маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш;
потенциал мижозларни аниқлаш;
маҳсулотларни Марказий Осиё ва бошқа халқаро бозорларга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиш.

“Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё бозори энергия сақлаш тизимларига катта қизиқиш билдирмоқда. Asaka Motors International биз учун ишончли ҳамкор бўла олади, чунки улар минтақавий эҳтиёж ва шароитларни чуқур англаб етган. Бу келишув — катта лойиҳа сари қўйилган муҳим биринчи қадмдир”, — дея таъкидлади "Росатом" ёнилғи дивизиони вакили Анастасия Михайлова.

TVEL – Росатомнинг ёнилғи дивизиони бўлиб, у нафақат Россия АЭСлари учун, балки дунёдаги 70 тадан ортиқ реакторга ядро ёнилғи етказиб беради. ТВЭЛ бугунги кунда уранни бойитиш, барқарор изотоплар ишлаб чиқариш ва энергия сақлаш технологияларини ривожлантиришда дунё етакчиларидан биридир.
Имзолаш маросими ВДНХ мажмуасида ўтаётган “World Atomic Week” ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди. Тадбир атом саноатининг 80 йиллик юбилейига бағишланган бўлиб, унда Россиянинг атом соҳасидаги ютуқлари, саноат инновациялари, экологик ташаббуслар, тиббиёт, рақамли технологиялар ва транспорт бўйича илғор ишланмалар намойиш этилмоқда.
Жиззахда катта ва кичик АЭСлар қурилади - Ходжаев