ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. 8 сентябрь куни Сямен шаҳрида бўлиб ўтаётган 25-Хитой халқаро инвестиция ва савдо ярмаркаси (CIFIT) доирасида “Invest in Uzbekistan” бренди остида Ўзбекистон павильонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
1997 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган CIFIT — Хитойнинг энг йирик инвестиция ва савдо кўргазмаси ҳисобланади. Жорий йилда унда ўнлаб давлатларнинг вакиллари ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳаларини қамраб олган 500 тадан ортиқ етакчи Хитой компаниялари иштирок этмоқда.
Тўрт кун давомида Ўзбекистон павильони меҳмонларга мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, геология, туризм, кимё ва тўқимачилик саноати, шунингдек, чарм ҳамда ипакчилик соҳаларидаги инвестиция имкониятларини тақдим этади.
Дастур доирасида тақдимотлар, маҳсулот намойишлари, семинарлар ҳамда ўзбек ва хитой тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.