ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Тяньцзинда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти (ШҲТ) саммити ўз ниҳоясига етгач, АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида Нью-Деҳлининг муносабатларини бир ёқламаликда айблади.
Тармоқда эълон қилинган постда Трамп Ҳиндистон кўп йиллар давомида ўз маҳсулотларини АҚШга сотиб келгани ва штатларни ўзининг энг асосий харидорига айлантиргани, АҚШ эса Ҳиндистонга мавжуд тартиб ва юқори фоизли божлар сабаб ҳеч нарса сота олмаганини таъкидлайди.
"Бундан ташқари, Ҳиндистон ўзининг нефти ва ҳарбий маҳсулотларининг асосий қисмини Россиядан сотиб олади, АҚШдан эса жуда оз миқдорда... Энди улар ўз божхона тўловларини нол % гача туширишни таклиф қилишмоқда, аммо энди бироз кеч, назаримда", - дея қўшимча қилади у.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш мумкинки, ўтган ойда АҚШ икки давлат савдо битимини туза олмаганидан сўнг Ҳиндистондан келадиган аксарият товарларга 25 % бож жорий этди. Шундан кейин Нью-Деҳлининг Россия нефтини сотиб олишни давом эттиргани важи билан қўшимча 25% жарима солиғи жорий этилиб, умумий импорт солиғи 50 % га етган эди.