Россия, Хитой ва Ҳиндистон етакчилари ШҲТ саммитида АҚШга “кучли сигнал” жўнатишди – WSJ

Бу бирдамлик ҳаракати АҚШнинг Пекинни тийиб туриш, Россиянинг Хитой билан алоқасини узиш ва Ҳиндистонни Россия нефтини харид қилмасликка кўндиришга бўлган уринишлари вақтида янграган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Россия, Хитой ва Ҳиндистон етакчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида бирдамлик кўрсатишди ва бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг ташқи сиёсати учун чақириқ бўлди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетаси ёзмоқда.
Хитой раиси Си Цзиньпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Россия президенти Владимир Путин бир-бирини қучоқлаб тургани акс этган кадрлар Вашингтонга кучли сигнал юборган. Бу бирдамлик ҳаракати Трампниинг Пекинни тийиб туриш, Россиянинг Хитой билан алоқасини узиш ва Ҳиндистонни Россия нефтини харид қилмасликка кўндиришга бўлган уринишлари вақтида янграган.
Мақола ёзилишича, бу учрашув Ғарб мамлакатларида ташвиш уйғотади.
“Президент Трампнинг Владимир Путин билан юмшоқ муомиласи Россияни Хитой билан ҳеч қандай йироқлаштирмади. Бошқа томондан, унинг Нарендра Моди билан кескин муомиласи Ҳиндистонни Россияга яқинлаштиряпти ва Хитой билан муносабатларини илиқлаштиришга ундаяпти”, - дейилади хабарда.
ШҲТ саммити Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Унда 20 тадан зиёд хорижий давлат етакчилари қатнашди.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштиради. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд. Тяньцзиндаги саммитда кузатувчи мақоми шерикларга ўзгартирилди. Саммитда Лаос шерик сифатида қабул қилинди. Шу тариқа ШҲТ шериклари сони 17 тага етди.
Трамп ютқазди: Ҳиндистон АҚШга бўйсунмади