ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. Хитой раиси Си Цзиньпин Тяньцзиндаги “ШҲТ плюс”нинг кенгайтирилган йиғилишида глобал бошқарув ташаббусини билдирди.
“Мен глобал бошқарув бўйича ташаббусни билдиришни ва ҳамма мамлакатлар билан янада адолатли ва тенг ҳуқуқли глобал бошқарув тизимини яратиш устида ишлаш ҳамда инсониятнинг ягона тақдири уюшмасини яратишни истаган бўлар эдим”, - деди Хитой етакчиси.
Ташаббусга кўра, ҳамма мамлакатлар, ўзининг катта-кичиклигидан, кучи ёки бойлигидан қатъи назар, глобал бошқарув масалаларида тенг ҳуқуқли иштирок этиш ва имкониятига эга бўлиши шарт.
“Халқаро муносабатларни демократизация қилиш ва ривожланаётган мамлакатлар раислиги ва овозини кенгайтиришга кўмаклашиш зарур”, - деди Си Цзиньпин.
Бундан ташқари, Хитой раиси халқаро ҳуқуқ устунлигига риоя қилиш ҳамда икки томонла стандартлардан ва айрим мамлакатларга “ўзининг негизларини” мажбурлаб ўтказишдан тийилиш зарурлигини таъкидлади.
Си Цзиньпинга кўра, глобал бошқарув кенг маслаҳатлашувлар, ресурсларини биргаликда яратиш ва фойдаланишни назарда тутади, ҳар қандай бир томонлама хатти-ҳаракатлар номақбул ҳисобланади.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Хитой раисининг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади.
ШҲТ саммити Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда 20 тадан зиёд хорижий давлат етакчилари қатнашмоқда.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштиради. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд. Тяньцзиндаги саммитда кузатувчи мақоми шерикларга ўзгартирилди. Саммитда Лаос шерик сифатида қабул қилинди. Шу тариқа ШҲТ шериклари сони 17 тага етди.