“ШҲТ плюс”: Мирзиёев қандай ташаббусларни билдирди
17:13 01.09.2025 (янгиланди: 18:13 01.09.2025)
© Пресс-служба президента Узбекистана Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на встрече в формате "ШОС плюс"

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Мирзиёев ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказишни таклиф қилди. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказиш мумкин.
ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мажлисда нутқ сўзлаб, қатор ташаббусларни билдирди.
Ўзбекистон раҳбари ҳамкорлик борасидаги энг муҳим вазифаларга тўхталиб, қуйидаги таклифларни берди:
ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси базасида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ, шунингдек, Душанбеда Наркотикларга қарши курашиш маркази ташкил этилганини олқишлаймиз.
Келгуси йили Тошкентда мамлакатларимизнинг ваколатли органлари раҳбарлари, етакчи эксперт ва тадқиқотчилар иштирокида биринчи “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти”ни ўтказишни таклиф қиламан.
Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва у билан минтақавий кооперацияни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ШҲТдаги шерикларимиз билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёрмиз.
Бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида, барча манфаатдор шерикларимизни жалб этган ҳолда, ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказишни таклиф этаман. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.
Янги ғояларни генерация қилиш, илғор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва технологиялар трансфери учун ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини яратишни амалий қадам сифатида таклиф этамиз.
“ШҲТ оиласи” маданий ранг-баранглиги ва бой қадриятларини илгари суришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этишни таклиф қиламан.
“Ишончим комил, "ШҲТ плюс" форматидаги ушбу саммитнинг сермаҳсул натижалари барқарорликни янада мустаҳкамлаш, кўпқиррали шерикликни кенгайтириш, барча мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади”, - дея хулоса қилди Мирзиёев.
ШҲТ саммити Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда 20 тадан зиёд хорижий давлат етакчилари қатнашмоқда.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштиради. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд. Тяньцзиндаги саммитда кузатувчи мақоми шерикларга ўзгартирилди. Саммитда Лаос шерик сифатида қабул қилинди. Шу тариқа ШҲТ шериклари сони 17 тага етди.