ТОШКЕНТ, 8 авг – Sputnik. 2026 йилда Тошкент, Бухоро ва Урганч шаҳарларида янги аэропортлар қурилишини бошлаш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026−2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясидан маълум бўлди.
Ҳужжатда келтирилишича, келаси йил Тошкент, Бухоро ва Урганч шаҳарларида янги халқаро аэропортлар қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга киришиш кўзда тутилган.
Қолаверса, ҳукумат ички ҳаво йўловчи ташишлар ҳажмини камида 1,5 бараварга кўпайтириш ва авиация хизматлари бозорида рақобатли муҳит яратиш мақсадида камида 6 та халқаро авиакомпанияни жалб этишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида янги аэропорт қурилиши маълум бўлганди. Уни 2030 йилгача ишга тушириш режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда аэропорт йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Ҳозир инвесторларнинг таклифлари кўриб чиқилмоқда.