TOШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудларида босқичма-босқич заргарлик марказлари очилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўган йили заргарлик тармоғида ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошган, экспорт 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етган.
“Энди заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Чет элдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади”, — дейилади хабарда.
Бу соҳада ҳам саноат усулига ўтиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Хусусан, заргарликда ишлатиладиган ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади. Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.
Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.
“Туркия, Дубай ва Миср тажрибаси асосида Тошкент, Андижон ва Хивада заргарлик марказлари очилди. Энди бундай мажмуалар бошқа ҳудудларимизда ҳам босқичма-босқич ташкил этилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Заргарларни хомашё билан барқарор таъминлаш учун бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади. Барча ҳудудларда олтин захираси яратилади.