Aбдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи қирғиз тилида нашр этилди

Бишкекда қирғиз тилида чоп этилган "Ўткан кунлар" романининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ёзувчи Aбдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" романи қирғиз тилига ўгирилди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Бишкекда қирғиз тилида чоп этилган "Ўткан кунлар" романининг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Романнинг қирғиз тилидаги таржимаси ёзувчи ва таржимонлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан амалга оширилди. Асосий таржима ишларини адабиётшунос ва таржимон Учқун Абдулазизов бажарган”, — дейилади хабарда.
Тадбирда қирғизистонлик иштирокчилар "Ўткан кунлар" романининг қирғиз тилига ўгирилгани тарихий воқеа бўлгани ва ушбу асарни қирғиз халқи севиб мутолаа қилишини айтиб ўтишди.
Эслатиб ўтамиз, "Ўткан кунлар" романи озарбайжон ва араб тилларида ҳам нашр этилган.
Маълумот учун, Абдулла Қодирий (Жулқунбой) - ёзувчи, шоир, таржимон, драматург, ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан намоёндаларидан бири, ўзбек романчилиги асосчиси.
Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романи ўзбек адабиётининг роман жанридаги илк асардир. Шу билан ёзувчи ўзбек романчилигига асос солган. 1922 йил “Инқилоб” журналида романдан боблар эълон қилинади. 1924-1926 йилларда ҳар бир бўлими алоҳида китоб ҳолида нашр этилади. Роман орқали Абдулла Қодирий халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи, “тарихимизнинг энг кир, қора кунлари” “хон замонлари”нинг мудҳиш тарихий жараёнлари ҳақида сўз очиб, бундан халққа сабоқ бермоқчи бўлади.
Асарнинг марказий қаҳрамонлари бўлмиш Отабек ва Кумуш ҳамда Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Зайнаб каби образлар ўзбек адабиётининг том маънода ёрқин қаҳрамонлар намунасидир. Роман тўқима қаҳрамонларининг ҳаётийлик касб этиши ва тарихий воқеаларга уйғунлиги жиҳатидан ҳам, тилининг нафосати жиҳатидан ҳам ўзбек адабиёти хазинасини энг дурдона асарларидан биридир. 1969 йили роман асосида режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан фильм суратга олинган.
"Ўткан кунлар" романи асосида илк миллий мюзикл яратилди