TOШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Сунъий интеллект соҳасидаги этика бўйича тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Беруний номидаги ЮНЕСКО–Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Ушбу қарор Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 220-сессиясида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган ташаббус доирасида бир овоздан қабул қилинди.
Учреждена международная премия ЮНЕСКО–Узбекистан имени Беруни, направленная на поддержку этических исследований и разработок в области искусственного интеллекта.
© Saida Mirziyoyeva
“Мукофот икки йилда бир маротаба сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ ва инклюзивликни ривожлантириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи залворли лойиҳаларга берилади. Ғолиблар мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинади ва жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси эътирофи рамзи сифатида пул мукофоти, сертификат ва медал билан тақдирланади”, — дейилади хабарда
Илк тақдирлаш маросими 2025 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бўлиб ўтади.
“Бу эса мазкур ташаббуснинг Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини ифодалайди”, — деб ёзади Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон етакчиси Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилиш бўйича қарор қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришни назарда тутади.