ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ўзбекистонда аҳоли турмуш фаровонлиги янада оширилади, шунингдек, камбағал оилалар реестри шакллантирилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Давлат раҳбари томонидан “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.
“Фармонга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилади ҳамда дастурни амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади. У ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган.
Дастур 2024 йил 1 ноябрдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида амалга оширилади:
барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш;
таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;
кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш;
ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
яшаш шароитларини яхшилаш;
давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш;
давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш.
Камбағал оилалар реестри шакллантирилади
Реестр 2024 йил 1 декабрдан “маҳалла еттилиги” томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шакллантирилади.
2025 йил 1 январдан:
кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла инфратузилмаси яхшиланади
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори ҳам қабул қилинди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси;
2024–2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари.
Шунингдек, энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла танланиб, рўйхати шакллантирилади ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш дастури 1 ноябргача тасдиқланади.
2024 йил 1 декабргача тадбиркорлик фаолияти ҳамда аҳолининг барча қатламларига яшаш ва дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2024–2025 йилларда туман ва шаҳарларни жадал комплекс ривожлантириш, шу жумладан, уларда камида биттадан маҳаллада “яшил маҳалла” лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастурлар тасдиқланади.
"Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Бизнесга биринчи қадам” дастурлари ҳамда микромолия ташкилотлари орқали жорий йил якунигача 4 триллион сўм, 2025 йилда 15 триллион сўм кредитлар ажратилиши таъминланади", — дейилади ҳужжат матнида.
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
Қарорга кўра, қуйидагилар амалга оширилади:
2025 йил 1 январдан камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади;
2025/2026 ўқув йилидан, камбағал оилалар фарзандларининг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;
2025 йилдан “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан камбағал оилаларнинг фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилади.
Шунингдек, АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ бириктирилган раҳбарларнинг хулосаси асосида:
камбағал оилаларга ноутбук сотиб олиш учун 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади;
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 млн сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади.
Раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади
Жамоат ишлари жамғармаси, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси негизида Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.
Келаси йил учун уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган субсидиялар сонини 1,2 бараварга ошириш назарда тутилади.
"2024–2025 йилларда тажриба тариқасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида жойлардаги ташкилотларининг 14 мингта раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг ҳар бирига ҳар 6 ойда 5 тадан энг оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади", — дейилади ҳужжат матнида.
2025 йил 1 апрелдан:
Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида эксперимент тариқасида аутсорсинг асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган боқувчисини йўқотган тўлиқ бўлмаган оилалар, меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар, икки ва ундан ортиқ ногирон аъзолари мавжуд оилалардаги ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади;
ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш хизматини кўрсатиш мақсадида маҳаллаларда оила шаклидаги кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил этилади;
ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг кундузги парвариш хизматларини ҳамда юридик шахсларга ногиронлиги бўлган болалар, шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатишга рухсат берилади.