ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Россия Федерацияси делегациясини қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Виталий Савельев, Россия президенти маслаҳатчиси Игорь Левитин ва "Российские железные дороги" (Россия темир йўллари) компанияси бошқаруви раиси Олег Белозёровдан иборат делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Россия делегацияси аъзолари давлат раҳбарига Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Жорий йилнинг 26-28 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
“Минтақада самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Транспорт соҳасида саноат кооперацияси лойиҳаларини жадаллаштириш, автомобиль, темир йўл ва авиация йўналишларида шерикликни янада кенгайтириш, юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.